2017 йилда 170 та янги ишлаб чиқариш объекти ишга туширилади

Ўзбекистон 30 Май 2017 5479

30 май куни Тошкент шаҳрида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда 2017 йилги Инвестиция дастурига киритилган ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ҳудудларига ташрифлари давомида ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларнинг ҳолатини танқидий таҳлил қилиш ва баҳолаш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақида ЎзА хабар берди. 

Унда бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, тегишли вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этишди. Шунингдек, видеоконференция орқали Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказида ташкил этилган студияларда Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти, маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари, корхоналар раҳбарлари, тадбиркор ва инвесторлар қатнашишди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошқарди.

Давлатимиз раҳбари инвестициялар ҳажмини изчил кўпайтириб бориш, замонавий ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, муҳим ижтимоий дастурларни амалга ошириш, энг асосийси, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилашнинг ҳал қилувчи омили эканини таъкидлади.

2017 йилги Инвестиция дастурига умумий қиймати 50 миллиард АҚШ долларига тенг 545 инвестиция лойиҳаси киритилган бўлиб, йил давомида 7,3 миллиард долларлик сармояларни ўзлаштириш белгиланган.

Шунингдек, 2017 йилда умумий қиймати 2,4 миллиард долларга тенг бўлган 170 янги ишлаб чиқариш объектини ишга тушириш мўлжалланмоқда. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида умумий қиймати 73,5 миллион долларлик 9 лойиҳани амалга ошириш ишлари якунлангани алоҳида қайд этилди.

Бундан ташқари, Инвестиция дастурига кирмаган, давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри туманларига ташрифлари давомида ишлаб чиқилган, ҳудудлар миқёсида муҳим аҳамиятга эга бўлган 19 триллион 300 миллиард сўмлик мингдан зиёд йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани, бугунги кунда уларнинг 39 таси бўйича объектлар ишга туширилгани таъкидланди.

Кўпроқ янгиликлар