Американинг Goldman Sachs Group Inc. инвестицион банки Венесуэла марказий банкидан 2,8 млрд. долларга облигациялар харид қилган. Dow Jones’нинг хабар беришича, мамлакат бўйлаб фуқаролар томонидан келтириб чиқарилаётган тартибсизликлар кучаяётган бир пайтда президент Николас Мадуро ҳукуматига шу йўл билан кўмак кўрсатилган. 

Активларни бошқариш бўйича Goldman Sachs бўлинмаси 2014 йилда Petroleos de Venezuela SA (PDVSA) томонидан муомалага чиқарилган ва 2022 йилда сўндирилувчи ҳар бир облигациянинг 1 долларига 31 центдан тўлаган ёки 865 млн. доллар берган. Бу нарх ўша йили сўндирилувчи бошқа қимматбаҳо қоғозлардан 31 фоизга пастроқ. 

Манбаларнинг хабар беришича, бу битим Goldman Sachs’нинг Венесуэлада ўз позицияларини кенгайтириш борсидаги дастурининг бир қисми ҳисобланади. Уларнинг сўзларига кўра, Goldman мамлакатда ҳукуматнинг алмашиши бу қарз миқдорини камида икки баробар оширишига кўз тикмоқда.

Апрель ойининг бошидан буён Венесуэлада оммавий тартибсизликлар рўй бермоқда. Бунга сабаб, президент Мадурога мухолифат вакиллари қўлида бўлган парламент — Миллий ассамблея ваколатлари Олий суд томонидан жиддий тарзда чеклаб қўйилди. Гарчи кейинчалик бу қарор бекор қилинган бўлса-да, мухолифат тарафдорлари мамлакат кўчаларига чиқиб, суд аъзолари истеъфоси ва муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини талаб қилишмоқда.

Тартибсизликлар натижасида Венесуэлада аллақачон 60 киши ҳаётдан кўз юмган.