Луис Энрикедан бўшаб қолган «Барселона» бош мураббийи лавозимини Эрнесто Вальверде эгаллади. Мураббийни расман таништириш маросими 1 июнь куни бўлиб ўтади.

Вальверденинг клуб рулига келаётгани ҳақидаги хабар бир ҳафта муқаддам чиқиб бўлган, мутахассиснинг ўзи Бильбаонинг «Атлетик» клубини тарк этганди. «Барселона» Испания кубогида зафар қучиб, Луис Энрике клуб билан хайрлашгач, жамоа президенти Хосеп Мария Бартомеу махсус матбуот анжуманида Вальверденинг ташрифи ҳақида расман маълум қилди.

«Барселона» яна бир собиқ футболчисини мураббий қилди

«Барселона» энг кам муҳокама қилинган вариантни танлади. Мухлислар Сампаолининг келишига интиқ бўлишди, футболчилар Луис Энрикенинг ёрдамчиси – Хуан Карлос Унсуэ номзодини исташди, аммо учинчи ном танланди. У ўз клубида тинчгина ишлаб келмоқда эди. Лучонинг ўрнини қаттиққўл баск Эрнесто Вальверде эгаллади, ҳолбуки Испаниядан ташқарида уни деярли танишмайди. Аммо бу узоққа чўзилмаслиги аниқ.

Бундан ҳеч ким хафа бўлаётгани йўқ. Энрикенинг конспектлари яхши — аммо унинг ассистенти нима янгилик бера оларди? Сампаолининг ҳужумкор ўйинга фанатларча иштиёқи – аҳамиятли, аммо Энрике ҳам бир неча марта ҳужумдаги ранг-баранг схемалари билан ундан кам жойи йўқлигини кўрсатиб бермаганмиди? У қўллайдиган схемалар «Барса»нинг муаммоларини бартараф эта олармиди? Ҳа, Сампаоли келса, жамоа ўйинида ҳужумда янги вариантлар пайдо бўларди, бундан ортиқ яна нима? Жамоанинг муаммоси тўп билан ҳаракат вақтида эмас, тўпсиз ҳаракатланганда пайдо бўлади-ку.

Вальверде Круиффнинг шогирди

Вальверденинг «Атлетик»и момақалдироқ бўлиб прессинг қилади. Бу «Барса» учун жуда мос ўйин услуби. Луис Энрике даврида клуб тез-тез қоқиларди, баскларга қарши Суперкубок учрашувини эсланг. Рақиб «Севилья»га қарши ўйинда толиққан каталонияликларнинг оғриқли нуқталарига босим ўтказганди. Вальверде тўп олиб қўйилгач, каталонияликларнинг ҳимоядаги 3 футболчисига қарши баскларнинг 4 футболчиси чиқиб борадиган марказдан ҳужум услубини қўллаганди (2015-16 йилги мавсумда ўша ўйинларнинг биринчисида басклар 4:0 ҳисобида ғалаба қилган, иккинчи учрашувда 1:1 - таҳр). Якунланган мавсумда у каталонияликларга қарши навбатдаги ўйин олдидан шундай деганди: «Биз «Барселона»га қарши юқори даражадаги прессинг қўллаймиз, биз ҳамиша шундай қиламиз, ахир бу уларга қарши туришнинг энг тўғри йўли».

Прессинг бу мавсумдаги ўйинларда ҳам ўз самарасини берди, басклар прессинги каталонларни арвоҳ каби таъқиб этди, Серхио Бускетс учун бу қўрқинчли тушга айланди, рақиб аввалига унинг пасини тўсиб қўяди, кўп ўтмасдан унинг ортида пайдо бўлади. Таянч ярим ҳимоячиси, гоҳ олдинга чопади, гоҳ ортга, аммо босимдан қутулишнинг имкони бўлмайди... 

Унинг схемаси тест-синовларида яхши натижалар келтирмаган бўлиши мумкин. Нима қилмоқ керак? Бу саволни тўпсиз ҳаракатланиш бўйича Ла Лигадаги энг яхши мураббийнинг ўзига бермоқ керак. Унинг услубини чуқур ҳимоявий ўйин деб аташ тўғри эмас. Аксинча, баск рақибга мослашувчан ўйин тузади. «Барселона»га айнан шундай бўлиш керак.

Ўз фаолияти давомида Вальверде шундай йўлни босиб ўтдики, унга энди янги клуб керак. У футболчилигида Йохан Круиффнинг фалсафаси билан «суғорилган», икки мавсум унинг раҳбарлигида жамоада ўйнагач, жароҳат туфайли клубни тарк этган. У Гвардиола, Куман, Лаудруп, Эусебио, Серхи Бархуан, Унсуэ, Лопетеги қаторида Круифф мактабини ўтаган. Мураббийлик фаолиятининг илк йилларида унинг жамоаси ўзгача услуб билан фарқланиши кераклигини мақсад қилиб олди. Унинг кумири Нидерландия терма жамоасини 1974 йилда Европа чемпиони қилган, «Барселона» тарихидаги энг кучли жамоани тузган ва афсонага айланганди.

Вальверде - мураббий

Вальверде аввалига «Эспаньол»да ўз имзосини қолдиришга ҳаракат қилди. «Рақиблардан бир маромда очколар олиш учун, шундай ўйин кўрсатиш керак: рақибга илк дақиқаларданоқ шафқатсиз бўлиш», – деганди баск ўз жамоаси ўйин услуби ҳақида. Унинг услублари самара берди: 2007 йили УЕФА Кубоги финали, финалда «Севилья»га қарши чиққан басклар пенальтилар сериясидагина мағлуб бўлди. У ўз услубини Грециянинг абадий чемпиони «Олимпиакос»да ҳам қўллади. Эрнесто бу жамоада икки марта ишлади (2008/09, 2010/11, 2011/12 йилларда у жамоа билан чемпион бўлди, икки марта Кубок соҳиби -2009, 2012), бу рақибга боғлиқ бўлмаган ҳолда ўз ўйинингни тузиш услуби эди.

Аммо у «Вильярреал»да муваффақиятга эришмади, Вальверде вақтида (2009-2010) жамоа жуда кўп ҳужум қилар, тўпга эгалик қилар, аммо биринчи қарши ҳужумдаёқ гол ўтказиб юборарди. Натижада уни мавсум ўртасида ишдан бўшатишди, у жамоани қабул қилиб олганида жамоа тўққизинчи ўринда эди, унга жамоани инқироздан олиб чиқиш талаби қўйилди, жамоа якунда еттинчи ўринни олди.

«Эрнесто бор эътиборини ишга қаратди. У туну-кун ишлади, аммо биз у каби жонкуярлик қилмадик ва тўлиқ куч билан ўйнамадик. Нимадир ўхшамаганди», – дея тан олганди ўшанда жамоа ҳимоячиси Жоан Капдевила. 

«Валенсия»да краш-текст ўзини оқлади: 2012-13 йилги мавсумда Карло Анчелотти бошқарувидаги «ПСЖ»га қарши ЕЧЛ нимчорак финалидаги икки ажойиб ўйин (1:2, 0:2). Вальверде жамоада қарши ҳужумларга қарши ҳаракатланишда барқарорлик етишмаётганини қайд этди ва ечим излади. Интервьюларда у бор эътиборини ҳимояни кучайтиришга қаратишини айтарди.

Вальверде - «Атлетик» учун «Чўқинтирган ота»

«Атлетик»да унинг тактикаси муваффақиятга эришди: 4-2-3-1 схемаси тўпни олиб қўйиб, ҳужумга ўтиш учун энг яхши услуб бўлиб чиқди, «квадрат» ҳимояси (4 киши бир рақиб атрофида, одатдаги каби 3га 1 эмас) рақиб ҳар қанча техник маҳоратли бўлмасин, унинг ўтиб кетишига имкон бермасди.

Вальверде билан «Атлетик» 16 йил ичида илк марта Чемпионлар лигасида ўйнади. У билан клуб охирги 30 йил ичидаги илк совринини қўлга киритди, 2 йил муқаддам Испания Суперкубогида икки учрашув натижасига кўра «Барселона» 5:1 ҳисобида мағлуб этилди. Айнан Эрнесто «Атлетик» бошқарувида ўтказилган ўйинлар бўйича рекордчи - 305 ўйин.

У «Барселона»дан кетгач, 1990-1996 йиллар давомида «Атлетик»да ўйнади, 1996-97 йилги мавсумни «Мальорка»да ўтказиб, кейин фаолиятини якунлади. Мураббийлик фаолиятини «Атлетик»да мураббий ёрдамчилигидан бошлади (2001-2003), 2003 йилда жамоа бош мураббийига айланди. 2006 йилда у жамоани тарк этишга мажбур бўлди, чунки ўшанда унинг ҳомийси бўлган президент вафот этган, янги президент эса уни маоши миқдорини камайтириш шарти билан олиб қолиши мумкинлигини айтганди. Ҳолбуки, ўшанда Вальверде Испания Примьерасида энг кам маош олувчи мураббий эди. Унинг ўрнига Хосе Луис Мендилибар тайинланди ва атиги 9 ҳафта ишлади. Кейинги икки йилда жамоада 4 мураббий алмашди.

«Барселона»га қарши ўйинлардан биридан кейин у шундай деганди:«Биринчи бўлим зўр ўтди, иккинчи бўлимда эса биз ўзимизнинг юқори прессингимиз учун жазоландик», – деганди Эрнесто кўк-анорранглиларга 1:3 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин. У ўйинга испанларга хос бўлмаган даражада совуққонлик билан қарайди, у ғалабага ҳам, мағлубиятга ҳам ҳиссиёт билан реакция қилмайди. Унинг ўйин тузиши ҳам испанларга хос эмас, ўйин бошиданоқ режасини ошкор этмайди, ўйин жараёнидан, рақибнинг кучидан келиб чиққан ҳолда мос услубни қўллайди. Бу эса айни вақтда «Барселона»га етишмай турган жиҳатдир - рақибга қараб ўйин ташкил этиш. Барчасини янги мураббий ўзгартириши мумкин.

Sky Sports эксперти Гильем Балаге Вальверде мудофаа чизиғидаги муаммоларни ҳал этишда омилкор эканини қайд этиб ўтди. Марсело Бьельса бошқарувидаги охирги мавсумда «Атлетик» 65 гол ўтказганди, кейинги мавсумда Вальверденинг қайтиши билан бу борадаги кўрсаткич кескин яхшиланди – 39, турнир жадвалидаги ўрин ҳам 12дан 4га ўзгарди. 2013/14 йилги мавсумда эса жамоа 26та гол ўтказди ва саккизинчи ўрин.

Вальверде Эмерик Лапортени гранд жамоалар назарига тушган марказий ҳимоячига айлантирди. Эҳтимол Эрнестонинг «Барселона»га келиши ниҳоят ушбу франциялик ёш футболчининг Каталонияга трансфер бўлишига олиб келар. Вальверде мураббийлигида Оскар де Маркос ҳақиқий универсалга айланди, у фаолиятини марказий ярим ҳимоячи сифатида бошлаган, энди у классик фуллбек. «Атлетик»нинг бошқа бир футболчиси Микел Сан Хосе Вальвердени Висенте Дель Боскега ўхшатади, у бу икки шахсни ҳам «жамоага ўйинни назорат қилиш характерини сингдирувчи» сифатида таърифлайди.

Ҳимояда қолган ҳолда ўйинни назорат қилиш қандай устунлик келтиришини «Ювентус» исботламоқда.

Вальверде - ижодкор

Вальверденинг жамоаси кўп ҳужум қилмасада, кўп гол уради. Унинг ҳоббиси фотография, шундай экан, уни  прагматик дейишга ҳам шошилмаслик керак. У футболдан бўш вақтида оқ-қора рангли фотография билан шуғулланади. Испаниялик тасвирий-санъат билимдони Бернардо Атчага унинг ишларига баҳо берган: «Эрнесто Вальверде олган суратлар – бир вақтнинг ўзида ҳам назокатли ҳам ўзида қаҳрни ифодалайди. Бу худди бир инсонда икки сифат борлигидай».

2012 йилда Афинада Вальверденинг «Танаффус» номидаги кўргазмаси бўлиб ўтганди. Ўшанда у мураббийликдан қисқа вақтга танаффусга чиққанди. Аммо Эрнесто футболга қайтди. Бу қисқа метражли «Чўқинтирган ота»ни эслатадиган қайтиш бўлди.