Хиросиманинг АҚШ қуролли кучлари томондан бомбардимон қилиниши ҳақида биринчи бўлиб хабар бергани эътироф этиладиган япониялик Ёсиэ Ока ёмон сифатли лимфома (онкологик касаллик) туфайли вафот этди.

NHK телеканалининг маълум қилишича, аёл 19 май куни вафот этган, бироқ бу ҳақда эндигина маълум бўлган. 

1945 йилда 14 ёшли Ока алоқани таъминловчи бўлинмада хизмат қилиш учун ҳарбий қўмондонликнинг маҳаллий марказига йўлланган. АҚШнинг бомбардимонидан кейин у дарҳол раҳбариятга  хабар берган. "Хиросима янги турдаги бомба билан бомбардимон қилинди. Шахар буткул вайрон бўлиш ҳолатида", деб эслаган аёл ўшандаги ҳисоботини.

Ока ўз ёдномаларида бомба шаҳарга тушгандан кейин кўчага чиқиб, яраланган аскарни кўрганини эслаб ўтган. Айнан аскар унга янги турдаги бомба билан ҳужум қилинганини айтган. Ока эса бу ҳақда Фукуямадаги алоқа станциясидаги бункердан махсус телефон орқали маълум қилган.

Аёл бутун ҳаёти давомида радиацион нурланишдан азият чекиб келган ва Японияда атом бомбардимонларидан омон чиққан одамлар аталадиган хибакуся ҳисобланган. Аёл ядровий қуролнинг қўлланиши оқибатлари ва бегуноҳ одамларнинг азоб-уқубатларини сўзлаб бериш билан фаол машғул бўлган. 

Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига уюштирилган атом бомбардимонлари АҚШ қуролли кучлари томондан Иккинчи жаҳон урушининг охирида содир этилган. Расман бундан мақсад Япония империясининг таслим бўлишини тезлаштириш деб айтилган. Бу ҳужумлар инсоният тарихида ядровий қурол жанговар вазиятда қўлланган ягона ҳолатлар ҳисобланади. 

1945 йил 6 августда Хиросимада бомба портлаши оқибатида 70 мингдан 100 минггача одам бир зумда ҳалок бўлган, омон қолганлар эса нур касаллиги ва ҳужум асоратларидан вафот этганлар. Хиросимага атом ҳужумидан ҳалок бўлганларнинг умумий сони 303 минг 195 кишини ташкил қилган.

Нагасакига ҳужум эса 1945 йил 9 августда содир этилган. Портлаш вақтида 70 минг киши ҳалок бўлган, шаҳар буткул йўқ бўлиб кетган. 2016 йил маълумотларига кўра, бу портлашдан ҳалок бўлганлар сони 172 минг 230 кишини ташкил қилган.