Қирғизистонда президентлик сайловлари. Ғалаба қозонишда пул катта ўрин тутадими?

Жаҳон 30 Май 2017 11209

Қирғизистонда куздаги президентлик сайловларидан аввал номзодларни илгари суриш кампанияси авж олмоқда. Уларнинг энг асосийлари тўрт нафар - Темир Сариев, Бакит Торобаев, Омурбек Бабанов ва Сооронбай Жээнбеков.

Интрига ҳали ҳам бор

Номзодларни илгари суриш бўйича интрига ҳозирча тўла йўқ бўлиб кетмади ҳамда СДПК ичидаги тушунарсиз вазиятга боғлиқ бўлиб турибди. Эҳтимол, ҳукумат партиясидан битта номзод қўйилади, бироқ бу ҳозирча савол остида қолган масала.

Жамиятда “қора от”нинг пайдо бўлиши билан боғлиқ фикрлар ҳам йўқ эмас, - яъни, ҳеч кимга таниш бўлмаган номзод охирги лаҳзада чиқади ва ғалаба қозонади.

Бироқ бу фантастикага яқин фикрлар. Бунинг устига, “қора отлар” уларни яхши билгунга қадар яхши бўлиб кўринади, аммо кейинчалик бошқа сиёсатчиларга хос бўлган қусурларга эга экани ойдинлашиб боради.

Яқиндаги конституциявий ўзгаришлар мамлакатни сиёсий бошқариш механизмига жиддий таъсир кўрсатмади. Янги Конституцияга кўра бош вазир аввалги ваколатлари билан қолган.

Халқ томонидан сайланадиган президент куч блоки, махсус хизматлар ва прокуратурани назорат қилади ҳамда бутун тизимнинг энг муҳим ҳалқаси бўлиб қолади.

Ғалабага элтувчи беш омил

Номзодлардан бирининг ғалабасига таъсир кўрсатувчи бешта асосий омилни санаб ўтиш жоиз.

Биринчидан, ҳаммасини сайловчилар фикри ҳал қилади. Бу киноя эмас, аслида ҳам шундай. Бироқ бунда муҳим жиҳатлар бор. Қирғизистонда тўлақонли, худди АҚШ (демократлар ва республикачилар) ёки Англиядаги (консерваторлар ва лейбористлар) каби электорат йўқ. Бу ерда сайловчилар бугун шундай, эртага эса бошқача овоз беришади.

Вақт билан ташкил топган барқарор мафкуравий танлов йўқ. Бугун жамоатчилик фикрига кўра, яққол етакчи, деб айтиш мумкин бўлган шахслар ҳам кўринмаяпти. Бунинг устига, сайлов кунидаги овоз бериш кўп ҳолатда ички ҳис-туйғуларга боғлиқ бўлади ҳамда сайловчи сўнгги дақиқада кимга овоз беришини ҳал қилади.

Шуни тушуниш лозимки, Қирғизистондаги номзодларнинг бугунги рейтинглари – анча тушунарсиз нарса. Бунинг устига, улар кўп ва турлича натижалар бермоқда.

Аниқ-ки, вазият сайловчиларнинг хоҳишига қараб тезда ўзгариб боради. Ҳаттоки барқарор демократияга эга бўлган давлатларда ҳам бу кузатилади. Масалан, Францияда сайловларга бир неча ой қолганда Фийон фаворит эди, бироқ у сайловда ҳаттоки иккинчи турга ҳам етиб боролмади, ғолиблик эса Макронга насиб этди.

АҚШда ҳам шундай вазият кўзга ташланди, Ҳиллари Клинтон охирги лаҳзагача барча сўровларда Дональд Трампни ортда қолдирди, бироқ айнан тадбиркор ғалаба қозонди.

Иккинчидан, умуммиллий ва минтақавий даражадаги элитанинг бир фикрга келиши жуда муҳим омилга айланади. У жойларда сайловчилар билан ишлашни таъминлайди, бу эса исталган сайлов кампаниясининг муҳим элементи саналади. Бугунги кунда сиёсий элиталарда консенсус йўқ. У яқин 2-4 ой ичида шаклланиб боради.

Эҳтимол, элиталар уларга ким кўпроқ маъқул келишидан эмас, балки ким хавфсизроқ ва уларга кейинги фаолият учун барқарор сиёсий майдонни таъминлаб беришидан келиб чиқишади.

Шуниси аниқ-ки, улар бизнесларига таҳдид уйғотувчи, мулкни рейдерлик билан эгаллаб олиши ва сиёсий истиқболларни тўсиб қўядиганлардан хавфсирайди.

Қирғизистонда давлат даражасида рейдерлик бунга қадар ҳам рўй берганди ва у ҳар доим қарама-қаршилик ҳамда тўнтаришга етаклаган.

Учинчи муҳим омил - ташқи сиёсий ўйинчиларнинг таъсири. Аввалги сайловларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, бу жуда муҳим омил бўлиб, унга кўп нарса боғланиб туради, жумладан, қирғизистонлик сайловчиларнинг фикри ҳам. Бу рус тилида сўзлашувчи сайловчиларнинг кўплиги, Россия ОАВнинг Қирғизистондаги таъсири ва Россия ҳамда Қозоғистондаги кўплаб қирғиз мигрантлари билан боғлиқ.

Тўртинчи омил – пуллар. Сайловчиларни сотиб олиш аввалги барча сайловлар натижаларига таъсир кўрсатган. Шу билан бирга, динамика шундайки, пулнинг ўрни сайловдан сайловга ўсиб бормоқда.

Афсуски, бу сайлов натижаларига жуда жиддий таъсир кўрсатади.

Қатор сиёсатчилар виждонига қарши бориб овозларни сотиб олишдан фойдаланади. Қисқасини айтганда, кимда кўпроқ пул бўлса, ўша ғалабага яқинроқ.

Бешинчи омил сифатида маъмурий ресурсни тилга олиш жоиз. Унинг таъсири албатта бўлади, бироқ Акаев ёки Бакиев давридаги каби катта эмас.

Кейинги президент учун чақириқлар

Кейинги президент ким бўлиши ҳақидаги гаплар, албатта, кейинги президент мамлакат учун нима қилиши кераклиги ҳақидаги мунозараларга ҳамоҳанг бўлиши керак. Бу жуда муҳим, сабаби Қирғизистон олдида турган чақириқлар анча кўп ҳамда уларнинг аксарияти мамлакат учун жуда муҳим.

Ўта муҳим чақириқлар бир нечта. Биринчи: давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш лозим. У кам самарали ва коррупция туфайли бўғилиб қолмоқда. Ҳуқуқ-тартибот ва суд тизимини ислоҳот қилиш даркор. Бугунги тизим шундайки, биринчи навбатда, сиёсий раҳбарлар хоҳишига қараб иш тутади, иккинчидан – тизим ишчиларининг манфаатларига бориб тақалади, ҳамда фақатгина учинчидан ўзининг тўғридан-тўғри мажбуриятлари билан шуғулланади.

Табиийки, бу барча ходимларга тегишли эмас, улар орасида ўз мажбуриятларини ҳалол ва профессионаллик билан бажараётганлар бор. Бироқ умуман олганда вазият анча мураккаб.

Агарда коррупцияни сал бўлса ҳам назоратга олишнинг уддасидан чиқилса, иқтисодиётга кучли туртки бериш имконияти пайдо бўлади.

Иқтисодиётнинг ривожи – бу бўлажак президент олдида турган иккинчи муҳим чақириқ. Бу иш ўринлари, фуқаролар фаровонлиги, бу соғлиқни сақлаш ва таълимнинг яхши тизимини қуриш учун пойдевор.

Учинчи чақириқ сифатида маълум қисмларга ажралиб кетиш муаммосини тилга олиш мумкин, яъни жамиятнинг турли мезонлар – минтақавий, диний, қариндош-уруғчилик, моддий ва шунга ўхшашга кўра бўлиниши. Жамиятнинг бўлиниши, бир қатламнинг бошқасига нисбатан нафрати, тинглашни хоҳламаслик, тажовузкорлик – бу жуда хавфли тенденция.

Кўпчилигимиз “давлат департаментчилар” ва “кремлпарастлар”, “диний” ва “худога ишонмайдиган”, “мухолифат” ва “мухолифатга қаршилар”, “жанублик” ва “шимоллик”ларга тобора бўлиниб бораётганимизни сезмаяпмиз ҳам.

Жамиятнинг табақаларга ажралиши эса муваффақиятли бўлиши мумкин эмас.

Кишилар иқтисодий ва сиёсий вазифаларни ҳал этиш учун бирдам бўлишлари даркор. Ҳеч бўлмаса, муҳим масалаларда. Агарда бу йўқ бўлса, иқтисодиёт ёки бошқа соҳада ривожланишни кутиш қийин.

Тўртинчи – ҳамда жуда муҳим чақириқ – диний экстремизм ва терроризм, шунингдек, жамият ва давлат хавфсизлиги масалаларига алоқадор бўлган таҳдидларнинг ошиши.

Биз нотинч минтақада, мафкуравий, геосиёсий ва иқтисодий парадигмаларнинг ўзига хос бузилиши даврида яшамоқдамиз. Бундан қочиш мумкин эмас, бу билан ишлаш лозим. Бу бизнинг уйимизда пайдо бўлган муаммолар эмас, бироқ улар глобал дунёда яшаганимиз туфайли тобора бизники бўлиб бормоқда.

Яна бешинчи, олтинчи ва бошқа чақириқлар ҳам бор, улар кўп. Уларнинг ҳаммасини айтиб ўтиш муҳим эмас. Муҳими, кузда муаммоларни тушунишга қодир, тўғри қарорларни қабул қиладиган ва жамиятда барқарорликни мустаҳкамлаш қўлидан келадиган ҳамда мамлакатни ривожлантира оладиган шахснинг президент этиб сайланишида.

Тамерлан Ибраимов, мустақил эксперт
24.kg

Кўпроқ янгиликлар