Аввал хабар берилганидек, Кун.uz таҳририятининг ижодий жамоаси “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” доирасида Наманган вилоятига ташриф буюрди. Вилоят аҳолиси томонидан таҳририят почтасига келиб тушган мурожаатларнинг аксари жойига бориб ўрганилди ва шу асосда қатор мақолалар ҳам эълон қилинди. Айтиш мумкин-ки, мазкур муаммолар секин-асталик билан вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан ҳал этиб келинмоқда. Шу билан бирга, кўп сонли мурожаатлар Наманган вилоят ҳокимлигига ҳам тақдим этилди ва уларга жавоб олинди.

Наманган вилояти ҳокими билан очиқ суҳбат (видео)

Йўл ва транспорт хизмати юзасидан мурожаатлар

Савол: “Салом. Мен Наманган муҳандислик-технология институтида ўқийман. Ҳозирда вилоятимиз барча йўналишларида автобус қатнови йўлга қўйилган, аммо ҳеч бир йўналишдаги автобус институтимиз олдидан ўтмайди. Бу эса талабалар ва ўқитувчиларга бироз ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Автобусда кетмоқчи бўлганлар бир неча чақирим пиёда юришларига тўғри келмоқда. 21, 4, 13-йўналишдаги автобуслар институтдан анча узоқдан қатнайди.

Мен сиздан институт талабари номидан шу йўналишдаги автобусларни институтимиз олдидан қатнашини таъминлаб беришингизни илтимос қиламан. Бу орқали кўплаб талаба ва ўқитувчиларга қулайлик яратилган бўлар эди. Бу ҳақида аввал, февраль ойида «Ҳоким ва ёшлар» номи билан ўтказилган учрашувда ҳам айтган эдик, аммо бизнинг сўровимиз эътиборсиз қолдирилди. Илтимос, ушбу масалани ижобий ҳал қилиб беринг. Агар талабимиз бажарилса, бундан барча талаба ва ўқитувчилар хурсанд бўларди”.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят ҳудудий бўлими ва Наманган шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, ушбу мурожаат 15 кун ичида ҳал этилади.

Савол: “Салом. Наманган-Учқўрғон йўлида енгил машинада юриб бўлмайди. Аҳолига транспорт ҳизмати кўрсатиш туманларга қатнайдиган йўналишлардаям тартибга солинадими?”.

Автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси, Наманган шаҳар ҳамда Уйчи ва Учқўрғон туман ҳокимликларининг маълумотига кўра, бу масала жорий йилнинг май-июль ойлари давомида ҳал этилади.

Савол: “Салом. Наманган вилояти, Чортоқ тумани йўллари қачон таъмирга тушиши ҳақида тўлиқ ва батафсил маълумот берилишини илтимос қиламиз. 

Бизга маълумки, Чортоқ туманида кўзга кўринарли ишлаб чиқариш корхона ва фабрикалар йўқ, инсонлар ишсизлигига қарши курашиш қай даражада?

Чортоқ туманида фаолият кўрсатиб келаётган кичик тадбиркорлар фаолияти мониторинги ўтказиб келинадими, уларни ишлаб чиқаришлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга қандай амалий ёрдам кўрсатилмоқда?

Туманда мавжуд давлатга қарашли «0» балансга ўтказиб берилган бинолардан бугунги кунда қанчали фойдаланилмоқда, шулар тўғрисида ёритиб берсангиз?

Аввалдан ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ҳурмат билан Мамасолиев Бахтиёр”.

Автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси, Наманган шаҳар ва Чортоқ туман ҳокимликларининг маълум қилишича, Чортоқ тумани йўлларини таъмирлаш ишлари май-июль ойлари давомида ҳал этилади.

Савол: Тўрақўрғон тумани марказий – Наманган-Чуст йўналишидаги кўчасида 2 та пиёдалар ўтиши учун тунель мавжуд. Лекин ушбу тунеллардан умуман фойдаланилмайди. Ҳозирда ушбу тунель қаровсиз қолмоқда. Агар ушбу тунеллар ишга туширилса, ҳайдовчилар учун ҳам йўловчилар учун ҳам фойдали бўлади. Ушбу тунель Тўрақўрғон туман ҳокимияти ва ИИБ ходимлари томонидан ишга солинса, жуда ҳам улуғ иш бўлган бўлар эди”.

Тўрақўрғон туман ҳокимлигининг маълумотига кўра, мазкур тунель бир ой муддатда ишга туширилади.

Шунингдек, ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотларнинг берган маълумотига кўра, 2017 йил давомида Наманган шаҳридаги марказий кўчалар асфальтланади ҳамда Чорсу бозоридаги кўприк очилади, Қамчиқ довонидан Наманган шаҳригача бўлган йўллар, Наманган шаҳри ва Норин туманини боғловчи Норин дарёсини кесиб ўтувчи кўприк таъмирланади. Бундан ташқари, айнан шу даврда Чуст туманидаги Ғова-Чуст йўналишидаги 19 км. йўл ҳам таъмирдан ўтказилади.

Ер майдонлари ва уй-жой масаласи юзасидан мурожаатлар

Савол: “Салом. Мен боғдорчилик фаолиятини амалга оширишни мақсад қилганман. Ўтган йили бу борада туман ҳокимликлари ва мутасадди идораларга мурожаат қилдим. Лекин улардан аниқ жавоб ололмадим. Ҳозирги кунда тадбиркорликни йўлга қўйиш ва уни ривожлантириш учун етарли шароитлар яратилган. Лекин бир қатор мутасадди идора раҳбарлари бунга панжара ортидан қарашмоқда. Уйчи тумани Жийдакапа қишлоғида ҳам боғдорчилик фаолияти учун ерлар ажратилганми?”

Мурожаат билан яқиндан танишган Уйчи туман ҳокимлигининг маълум қилишича, 2017 йил давомида мурожаат эгасига узумчилик билан шуғулланиши учун тегишли ер ажратилади.

Янги иш ўринлари ва тадбиркорликни ривожлантириш масаласи юзасидан билдирилган мурожаатлар

Савол: “Салом. Мен Поп тумани, Дўстлик МФЙда савдо шохобчаси ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этганман ҳамда ўзим ҳомий сифатида маҳалла учун маъмурий бино қуриб, фойдаланишга топширдим. Савдо шохобчасида коллеж битирувчиларини иш билан таъминладим. Мен туман ҳокимиятига мени ҳудудим ёнида яроқсиз бўлган 1 сотих ер майдонини бириктириб бериш учун ариза б.н мурожат килганман. Лекин ижобий ҳал бўлмаяпти. Хали-ҳанузгача агар шу ерни ажиратишса, мен шу ердан бизнес режамга асосан қўшимча иш яратар эдим. Шунга ёрдам беришингизни илтимос қиламан. Олдиндан раҳмат”.

Маълумотларга кўра, Поп туман ҳокимлиги мазкур тадбиркорга ўзи айтган 1 сотихли ер майдонини бир ой ичида расмийлаштириб беради.

Савол: “Ассалому алайкум. Наманган вилояти, Чуст туман, Олмос шаҳарчасида 45 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади ва биронта ишлаб чиқариш, яъни иш ўрни йўқ! Аҳоли ғалладан кейин экиладиган экинлар ҳосилига қараб қолган. Бозорларимиздаги тўкинлик яхши, лекин арзон маҳсулотлар сабаб шаҳар камбағаллашиб бормоқда!

Ҳокимиятнинг бунга жавоби қандай эканлиги тўғрисида қизиқиб кўришингизни илтимос қилардим!

Камоли эҳтиром билан СЖМ”.

Чуст туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, ушбу ҳудудда 2017 йил давомида ишлаб чиқариш объектлари қурилади ва фойдаланишга топширилади.

Савол: “Салом. Поп туманида ҳурматли президентимиз томонидан имзоланган айрим қонунлар ижобий ҳал бўлмаяпти. Мисол учун:  Гурумсарой деҳқон бозори туманидаги энг катта бозорда очиқ-ойдин “Поп дон маҳсулотлари” корхонаси унлари сотилади. “Пластик картага савдо қилинмайди”, деб очиқ-ойдин айтишади. Бори ҳам нақдга 70 минглик унни пластикка 95-100 минг сўмга сотади. Қолган унларда ҳам шунча тафовут. Пахта ёғи-ю ҳамма нарсада нақд билан пластик карта билан савдода тафовут бор. Кийим-кечак бозорида умуман терминал билан савдо йўқ. Бўлса ҳам биз учун эмас. Ушбу масала юзасидан сизларга олдин ҳам мурожаат қилган эдим. Бу масаланинг ижобий ҳал этилишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман”.

«Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини мувофиқлаштириш» уюшмаси ва Поп туман ҳокимлиги мазкур масалани ўрганиб чиқиб маълум қилишича, бир ҳафта мобайнида Гурумсарой деҳқон бозори терминаллар билан таъминланади.

Савол: “ Салом. Поп шаҳри марказидаги машина трактор парки МТПнинг биноси кўп йиллардан бери қаровсиз фойдаланмай ётибди. Суриштириб кўрсак, ташкилотнинг қарзи ҳисобига бинони тасарруф этишга тақиқ қўйилганмиш. Шу бино ҳозирда бирор бир фойда келтирмаяпти. Мазкур бинони олиб, хусусий клиника шакллантириб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўймокчи эдик. Шу билан бирга 20 га яқин ишсизни иш билан таъминламоқчимиз. Шу масалага вилоят ҳокимининг шахсан ўзи аралашмагунча, ҳал бўлмайдиганга ўхшайди. Амалий ёрдам кўрсатишингизни илтимос қилардим. Олдиндан раҳмат”.

«Агросервис машина трактор парклари» МЧЖнинг маълум қилишича, Поп туманидаги Марказий машина трактор парки биносини тадбиркорлик учун бериш 2017 йил давомида амалга оширилади.

Савол: “Ассалому алайкум! Биз бугунги кунда Тошкент шаҳрида 2 та йирик ун ишлаб чиқариш тегирмонимиз бор. Агар Ҳоким жаноблари Наманган шаҳри ишлаб чиқариш зонасидан ер ажратиб берсалар яна бир тегирмонни Наманган шаҳрида қуриб ишга туширган бўлардик!”.

Наманган шаҳар ҳокими Б.Бекходжаевнинг таъкидлашича, ушбу масала бир ой муддат ичида ҳал этилади.

Электр таъминоти ва табиий газ борасидаги мурожаатлар

«Водийгазтаъминот» УК ва «Наманган электр тармоқлари» АЖнинг маълум қилишича, Тўрақўрғон туманидаги Чуст кўприк МФЙдаги табиий газ ва электр таъминоти масаласи ўн кун муддат ичида ҳал этилади.

Бундан ташқари, Наманган шаҳар, Истиқлол МФЙ 9-Боғи Эрам кўчасидаги трансформатор 2017 йил давомида янгиланади.