Москва маъмурияти 29 май куни шаҳарда юз берган довул оқибатида ҳалок бўлганлар оилаларига 1 млн рублдан товон пули тўлайди. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин 29 май куни Н.В.Склифосовский номидаги тез ёрдам илмий-тадқиқот институтига ташрифи вақтида маълум қилди. 

"Ҳалок бўлганлар оилаларига бир миллиондан тўлаймиз. Тегишли қарор эртага ҳукумат йиғилишида қабул қилинади", деб айтди Москва мэри ва довулдан жароҳат олганларга ҳам товон пули тўланишини қўшимча қилди.

"Москвада фожиали воқеалар юз берди, табиий офат, довул оқибатида 11 киши ҳалок бўлди ва 70 киши жиддий жароҳат олди. Жароҳатланганларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Эртага Москва ҳукумати йиғилишида молиявий компенсация бериш ҳақида қарор қабул қилинади, бироқ, афсуски, ҳеч қандай пуллар билан инсоний йўқотишларни, одамлар фожиасини қоплаб бўлмайди. Мен ҳалок бўлганлар оилаларига ва жароҳатланганларга ҳамдардлик билдираман", деб айтган Собянин.

Мэр институтга келтирилган жабрланганлар билан мулоқот қилиб, уларга тез фурсатда соғайиб кетишларини тилаб қолган.

Маълум қилинишича, институтга келтирилган жабрланувчиларда кўплаб лат ейишлар, турли жароҳатлар қайд қилинган. 

Москвада транспорт ҳаракати довулдан кейин тўлиқ тикланган. 

Эслатиб ўтамиз, 29 май куни Москва шаҳри ва Москва вилоятида тезлиги 28 м/сонияни ташкил қилган довул ва жала кузатилди. Довул оқибатида 11 киши ҳалок бўлган. Москвада жароҳатланганлар сони 100 дан ошиб кетган. Улар шаҳарнинг 10 та шифохонасига етказилганлар.

Қутқарувчилар, коммунал ва йўл хизматлари, энергетиклар довул оқибатларини бартараф этишга киришиб кетишган. Россия фавқулодда вазиятлар вазирлигида маълум қилинишича, Россиянинг марказий қисми ва Москвада аҳолиси 4000 кишидан кўпроқ бўлган 20 дан кўпроқ аҳоли пункти электр энергиясиз қолиб кетган, 1000 дан кўпроқ дарахат қўпориб юборилган, 30 дан ортиқ кўп қаватли ва хусусий уйларнинг томларига, ўнлаб машиналарга шикаст етган.