Шимолий Корея 29 май куни Япон денгизи томон баллистик ракетани муваффақиятли учирди. 30 май куни Корея Марказий телеграф агентлигининг маълум қилишича, ракета белгиланган нишонга аниқ теккан. 

Синовни Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг шахсан ўзи бошқарган. У "эришилган муваффақиятлар негизида кучли стратегик қуролларни ривожлантиришни" кучайтиришга эътибор қаратишни буюрди.

Корея ишчи партияси раиси вакилининг маълум қилишича, бундай турдаги ракета илк маротаба Пхеньянда ўтган ҳарбий парадда намойиш қилинган. Унинг айтишича, бу ракета рақибнинг исталган ҳудуддаги объектларига ўта аниқ зарбалар беришга қодир.

Ким Чен Ин "келгусида мамлакатнинг мудофаа саноати АҚШнинг иғвогар ҳаракатларига жавобан "янкиларга совғалар тўпламини" юбориш учун янада каттароқ муваффақиятларга эришишига" ишонч билдирди.

Корея Марказий телеграф агентлигининг маълум қилишича, ракета синовини ўтказишдан мақсад жанговар каллак билан жиҳозланган баллистик ракета парвози барқарорлигини текширишдан иборат бўлган. Бир вақтнинг ўзида ракеталарни отишга мўлжалланган ўзиюрар қурилма ҳам синовдан ўтказилган. 

Эслатиб ўтамиз, Шимолий Кореянинг 29 майдаги ракета учириши жорий йилдаги тўққизинчиси бўлди.