«Рома» жамоа бош мураббийи Лучано Спаллетти билан шартнома бекор қилинганини тасдиқлади.

Римликлар жамоаси мавсум якунида турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллади, жамоа чемпион «Ювентус»дан 4 очкога ортда қолди ва Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида тўғридан-тўғри иштирок этиш учун йўлланма олди.

«Спаллетти раҳбарлигида «Рома» якунланган мавсумда кўп очко ишлади ва гол уриш бўйича клуб рекорди ўрнатилди. Биз Лучанога келгусидаги фаолиятида муваффақият тилаймз», – дея «Рома» президенти Жеймс Паллоттанинг сўзларини келтирган жамоа расмий сайти.

Бундан аввалроқ Спаллетти «Интер»да иш бошлашга яқин экани ҳақида хабарлар тарқалганди.

«Рома»нинг янги мураббийи сифатида ўтган мавсумларда «Сассуоло»ни бошқарган Эусебио Ди Франческо таништирилиши кутилмоқда.