Ўзбекистонда уй-жой коммунал, электр ва газ таъминоти хизматлари кўрсатишнинг ягона биллинг тизими ташкил этилмоқда. 

Ўзбекистон Президенти «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонда кўрсатилишича, тизим истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни тақдим этади ва электрон тўлов тизимлари билан интеграция қилинади.

Мазкур тизим истеъмолчиларга қарздорлик мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда олиш ҳамда тўловларни амалга ошириш имконини беради. 

Шу билан бирга, Қарздорликни ундириш масалалари бўйича идоралараро электрон ҳамкорликнинг ягона тизими ҳам яратилади. 

Ушбу тизим жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳолати ҳақидаги маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда қарздорликни ундириш самарадорлигини оширади.