Украинада армияга захирадаги зобитлар чақирилиши мумкин. Мамлакат мудофаа вазири Степан Полторак бугун тегишли буйруқни имзолади. Ҳужжат мамлакат адлия вазирлиги юборилди ҳамда у тасдиқланганидан сўнг кучга киради. Бу ҳақда Life хабар берди.

Буйруққа кўра, 2017 йилдан бошлаб ҳарбий хизматга 43 ёшгача бўлган, ҳарбий тайёргарликнинг тўла курсидан ўтган ва ҳарбий кафедраларни тамомлаган захирадаги зобитлар чақирилиши мумкин. Бу ҳақда Украина қуролли кучлари бош штаби бошлиғи ўринбосари, генерал-лейтенант Артур Артеменко айтиб ўтган.

Унинг таъкидлашича, захирадаги зобитлардан бўлган чақирилувчилар бакалаврдан паст бўлмаган олий маълумотга эга бўлиши лозим. Шунингдек, уларда бирламчи зобитлик унвони ҳам бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Полторак март ойида захирадаги зобитларни Украина қуролли кучларига хизматга қайтишга чақирганди.

-  Бизнинг кураш ҳамон давом этмоқда, мустақилликка таҳдидлар бор. Агарда сизнинг ёшингиз ва соғлиғингиз имкон берса, қуролли кучлар сафига қайтишга чақираман: бизга сизларнинг тажриба ва билимларингиз керак, - дея маълум қилганди Украина мудофаа вазири.