2017 йилнинг 25 май куни тахминан соат 10:45 да, номаълум шахс Юнусобод тумани, Боғишамол кўчасида фуқаро Рисолат Хидировага (жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган) тегишли бўлган “Кобальт” русумли автоуловни олиб қочган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси 2-қисми “г” банди (транспорт воситасини талон-торож қилиш мақсадида ўғирлаш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган эди. 

Дастлабки тергов жараёнида, мазкур автоулов Юнусобод тумани, Амир Темур кўчасида топилиб, унга ўрнатилган видео кузатув мосламаси номаълум шахс томонидан ўғирлаб кетилганлиги аниқланган. 

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноят Миржаҳон Мирмухсимович Мирсайдуллаев томонидан содир этганлиги аниқланиб, ундан ўғирланган видео кузатув мосламаси далилий ашё сифатида олинган. 

Мирсайдуллаевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. 

Юқоридаги шахснинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрганлар бўлса, “102” телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар идораларига мурожаат этиши мумкин.