«Арсенал» бош мураббийи Арсен Венгер душанба куни клуб хўжайини Стэн Кронке билан учрашув ўтказган.

Томонлар янги шартнома тузиш масаласини муҳокама қилишган, лекин ҳозирча ҳеч нарса имзоланмаган.

67 ёшли мутахассиснинг жамоада қолиш-қолмаслиги масаласи бугун ўтказиладиган директорлар кенгаши йиғилишидан кейин аниқ бўлади.

Кронкенинг ўзи француз мураббийни қўллаб-қувватлаб келади, у мураббийга АПЛда ғалаба қозониш учун трансферларга керакли маблағларни ажратишга тайёр.

Венгер «Арсенал»ни 1996 йилдан буён бошқариб келмоқда, аммо клуб 2004 йилдан буён Англия чемпионлигига эришмади.

Якунланган мавсумда жамоа илк марта кучли тўртликка кира олмади ва кейинги мавсумда ЕЧЛда иштирок этмайдиган бўлди. Шу билан бирга Англия Кубоги финалида ғалаба қозонилди.