Кашандалик ҳар йили 7 млн кишининг умрига зомин бўлади

Жаҳон 30 Май 2017 3125

Ҳар йили дунё аҳолисининг 7 млн нафари тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш сабабли ҳаётдан кўз юмади. Ушбу зарарли одат билан боғлиқ иқтисодий йўқотишлар миқдори 1,4 трлн долларни ташкил этади. Бу маълумотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботида келтирилган. Ҳужжат 31 май куни нишонланадиган Халқаро чекишга қарши курашиш куни доирасида эълон қилинди

31 Май - Халқаро чекишга қарши курашиш куни

"Ҳар йили тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида 7 млндан ортиқ инсон ҳалок бўлади. Ҳукуматлар ва оилаларнинг соғлиқни сақлаш, меҳнат самарадорлиги пасайиши туфайли харажатлари 1,4 трлн доллардан ортиқни ташкил этади", - дейилади ҳисоботда. Таъкидланишича, "тамаки ноюқумли касалликлардан ўлиш ҳолларининг 16 фоизига алоқадор".

Экспертларга кўра, тамаки "барча инсонларга, миллий ва минтақавий ривожланишга кўплаб таҳдидлар солмоқда". Хусусан, тадқиқотларга кўра, камбағал оилаларда тамаки маҳсулотларига сарфланадиган маблағ оилавий харажатларнинг 10 фоиздан ортиғини ташкил этади. Бу эса таом, таълим ва соғлиқни сақлашга кам пул қолишини англатади. ЖССТга кўра, 860 млнга яқин катта ёшли кашандалар паст ва ўрта даромадли мамлакатларда истиқомат қилади. 

Тамаки ўсимликларини етиштириш сабабли болалар мактабга бормай қўйишади. Тамаки далаларида ишлайдиган оилаларнинг 10-14 фоиз мактаб ўқувчилари дарсларга қатнашмайди. Бундан ташқари, тамакини етиштириш ишчиларнинг соғлиғига, шунингдек, атроф-муҳитга ҳам катта зарар етади. 

ЖССТ солиққа тортишни "тамакига қарши кураш борасида жиддий восита" сифатида баҳоламоқда. Ҳукуматлар йилига тамаки маҳсулотларига акциз солиқлардан 270 млрд доллар олади. Бироқ, экспертларнинг фикрича, "бу рақамни 50 фоиздан кўпроққа ошириш мумкин эди". Агар барча мамлакатларда бир қути сигарета учун акциз солиғини 0,8 долларга оширса, яна қўшимча 141 млрд доллар олиш мумкин бўлар эди. Бу йўл билан олинган даромадлар давлатларнинг 2030 йилгача бўлган даврда Кун тартибига қўйилган ривожланиш мақсадларига эришиш учун "ички захираларни ишга солишга туртки берган бўлар эди". 

Кўпроқ янгиликлар