Президентнинг 26 майдаги ПҚ-3011 қарори билан М39 Тошкент–Термиз ва 4Р87 Ғузор–Чим–Кўкдала автойўлларини реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш муддати узайтирилди. Ҳужжат Президент расмий веб-сайтида жойлаштирилган.
 
Жорий йилнинг 15 май ҳолатига кўра, «М39 Тошкент–Термиз автойўлини реконструкция қилиш» (Ислом тараққиёт банки иштирокида амалга оширилмоқда) лойиҳаси бўйича ишлар 35 км.лик қисмда тўла бажарилди ва 18 та кўприк қурилди. Яна 65 км.лик қисмда йўл ишларини бажариш 60 фоизни ташкил этди, кўприклар реконструкцияси эса – 62 фоиз.
 
Қўшимча чора-тадбирлар ва жадвалларга мувофиқ, қолган йўл-қурилиш ишлари 2018 йилнинг 21 март кунига қадар битирилиши лозим. Ушбу лойиҳани амалга оширишнинг умумий муддати келаси йилнинг 1 октябрига қадар узайтирилди.
 
«4Р87 Ғузор–Чим–Кўкдала автойўлини реконструкцияси қилиш» (Саудия тараққиёт фонди ва Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди иштирокида амалга оширилмоқда) лойиҳасида режалаштирилган ҳажмлардан 28,4 км.лик ер кўтармасини тартибга келтириш, 6,4 км.лик шағал қатлами асоси, 4 км.лик асфальтбетон қопламаси бўйича ишлар бажарилди, 2 кўприк 60 фоизга реконструкция қилинди ва транспорт чорраҳаси 90 фоизга битирилди.
 
Ушбу лойиҳа бўйича йўл қурилишини 1.11.2018 йилга қадар якунлаш мўлжалланган, лойиҳани амалга оширишнинг умумий муддати 1.05.2019 йилгача чўздирилмоқда.
 
Қўшимча вақт тақдим этилиши муносабати билан, лойиҳа иштирокчилари билан қўшимча келишувларда ўз мажбуриятларини вақтида бажармаганлик учун қатъий чоралар назарда тутилган.
 
Юқорида кўрсатилган лойиҳаларни амалга оширишни чўздирилган муддати давомида солиқ ва божхона имтиёзлари сақланиб қолинади.