АҚШ маъмурияти ва Европа Иттифоқи ҳукумати Европадан АҚШга амалга оширилувчи авиарейсларга портатив компьютер техникасини олиб ўтишни тақиқламасликка келишиб олдилар. Бу ҳақда АҚШнинг Politico нашри хабар берди

"Тақиқлов киритилмайди. Иккала томон техник масалалар бўйича музокараларни фаолроқ ўтказишга ва барчани қаноатлантирувчи ечимни ишлаб чиқишга ҳаракат қилишга келишиб олди", деб Европа комиссиясининг вакили айтган сўзларни келтириб ўтган нашр.

Бундай қарорга АҚШ миллий хавфсизлик вазири Жон Келли ва ЕИнинг икки аъзоси ўртасидаги музокаралардан кейин келинди.  

Аввалроқ маълум қилингандек, АҚШда март ойида самолётларга мобил телефон ва тиббиёт ускуналаридан ташқари, барча электрон қурилмалар, жумладан электрон китоблар, планшетлар, ноутбуклар, фото ва видеокамераларни олиб ўтиш тақиқланганди. Янги қоидалар 10 та халқаро аэропортдан, жумладан Қоҳира  (Миср), Амман (Иордания), Кувайт, Касабланка (Марокаш), Доҳа (Қатар), Истанбул (Туркия), Эр-Риёд ва Жидда (Саудия Арабистони) ҳамда Абу-Даби ва Дубай (БАА) аэропортларидан келувчи самолётларга жорий қилинган.

АҚШ ички хавфсизлик вазирлигида тақиқлов киритиш ҳақидаги қарор парвоз вақтида хавфсизликни кучайтириш мақсадида қабул қилингани айтилган.