Сурия ҳукумати йил бошидан бери турли қуролли гуруҳлар назоратидаги туманларга юборилаётган гуманитар автокарвонлардан 100 мингга яқин дорилар, жарроҳлик анжомлари ва бошқа тиббий жиҳозларни олиб  қўйди. Бу  ҳақда БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Стивен О'Брайен Хавфсизлик кенгаши мажлисида маълум қилди. 

"Ҳаёт учун муҳим дорилар ва тиббиёт анжомлари, хусусан, жарроҳлик ва акушерлик, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тўпламларини олиб қўйиш давом этмоқда. Йил бошидан бери салкам 100 минг дори-дармон киритилмади ёки автокарвонлардан олиб қўйилди", - деган БМТ бош котиби ўринбосари. Унинг сўзларига кўра, Сурия ҳукумати "сиёсий мақсадлар" сабабли дориларга тўсқинлик қилмоқда ва уни "ҳарбий тактика"га айлантирмоқда.

Стивен О'Брайеннинг таъкидлашича, аҳолига ёрдам кўрсатишга кўмаклашиш – бу зиддиятли томонлар мажбуриятидир ва бу "босиш мумкин бўлмаган қизил чегарадир". "Ёрдамнинг киришига рухсат бермаслик ёки уни чўзиш ХК резолюциялари ва халқаро гуманитар ҳуқуққа зиддир. Бу жараён барҳам топиши керак. Мен Кенгашни резолюция бажарилиши учун ҳаракат қилишга чақираман", - дея таъкидлаган О'Брайен. 

У, шунингдек, вақти-вақти билан тиббиёт муассасаларига уюштирилаётган ҳужумлардан ташвиш билдирди. Унинг сўзларига кўра, 2017 йилнинг ўтган ҳар ойида 20га яқин шундай хуруж амалга оширилган. Бу ҳар 36 соатда Суриядаги клиника ёки шифохонага ҳужум қилинишини англатади.

Хавфсизлик кенгаши мажлисида Ғарб давлатлари дипломатлари амалдаги Сурия ҳукуматини танқид қилиб, инсонларнинг ўлими ва жабр чекишида расмий Дамашқ ҳамда унинг иттифоқчиларини масъул дейишди. 

Хусусан, АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейлининг баёнот беришича, мамлакат ҳукумати "ҳаёт учун ўта муҳим бўлган озиқ-овқат ва тиббиёт анжомларини етказишда маъмурий-бўйруқбозлик тўсиқларини барпо этишда давом этмоқда". "Улар ўзларининг ўйинлари билан ҳеч кимни алдай олмайди. Улар танловини амалга оширишди – сиёсий мақсадларига эришиш учун ўз халқини очдан ўлдиришни хоҳлайди. У Эроннинг қўллаб-қувватлашига эришаётган бир вақтда Россия ўзини кўрмаганга олмоқда", - деган Америка вакили.

Ўз навбатида, РФнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Владимир Сафронков "сўнгги вақтларда оддий аҳоли орасида кўплаб қурбонлар АҚШ етакчилигидаги коалиция назоратидаги ҳудудларда қайд этилаётгани"га эътибор қаратди.  "Агар сиз адолат учун курашар экансизлар, нима учун бу ҳақда айтмайсизлар? Ахир, бу каби жанговар амалиётлар Сурия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузаётган  ноқонуний амалиётлар экани ХКнинг қатор резолюцияларида бир неча маротаба қайд этилган", - деган дипломат.

У, шунингдек, жангарилардан озод этилган ҳамда қуролли тузилмалар, уларнинг оила аъзоларини кўчиришни кўзда тутувчи сулҳга эришилган туманларда вазият барқарорлашганини таъкидлади. "Ушбу амалиётларни танқид қилаётганлар унутмасликлари керак, ҳудудларда сулҳга эришиш билан 10 минглаб одамларнинг умри сақлаб қолинди", - дея қайд этган Сафронков.