Бразилия ва Хитой қўшма инвестиция фондини ташкил этиш бўйича келишувни имзолади. У Жанубий Американинг энг йирик мамлакатидаги инфратузилмалар ва саноат технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиради. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Бразилия президенти матбуот хизмати хабарига асосланган ҳолда хабар қилмоқда

Ҳужжат 30 май куни Сан-Паулуда иш бошлаган халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланган. "Бразилия-Хитой ҳамкорлик ва ишлаб чиқариш имкониятларини ривожлантириш фонди" низом жамғармаси 20 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу маблағларнинг чорак қисми Бразилия томонидан ажратилади, ¾ қисмини Хитой  тақдим этади. 

Бразилия режалаштириш, бюджет ва бошқарув вазири Диогу Оливейранинг айтишича, Бразилия "мамлакатни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ҳамкорларнинг қўллаб-қувватлашини қидираётган" бир вақтда ушбу келишув имзоланмоқда. "Бразилия биз учун муҳим мамлакатлардан биридир. Бу жамғарма унинг саноатлашувига ҳамда биргаликда ривожланишга ҳисса қўшади", - деган, ўз навбатида, ХХРнинг Бразилиядаги элчиси Ли Цзиньчжан.

Тахминларга кўра, янги ташкилот 1 июндан фаолият юритишни бошлайди. Жамғарма Бразилия инфратузилмаларини яхшилаш ёки саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиради. Логистика, қайта тикланувчи энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги бизнеси ва технологиялари асосий йўналишлар сифатида белгилаб олинган. Шу билан бирга, маблағларни ажратиш шартларига кўра, белгиланган ишлар Бразилия ва Хитой компаниялари томонидан бирдек бажарилиши мумкин.