Расмий Берлин Анқара маъмурияти манфаатларига зид келувчи барча нарсани қўллаб-қувватламоқда. Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғли Габон ташқи ишлар вазири Мубеле Бубейа билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида шундай баёнот берди, деб хабар қилмоқда «Anadolu» ахборот агентлиги.

Чавушўғли Германия канцлери Ангела Меркелнинг Бундесвер кучларини «Инжирлик» авиабазасига жойлаштириш бўйича розиликка эришишга доир «сўнгги имконият» ҳақида берган баёнотига изоҳ берар экан, Анқара Берлинга ён босиш истагида эмаслигини билдирди. 

Вазирнинг сўзларига кўра, Берлин Туркия аввалги давлат эмаслигини ва хорижий давлатлар «буюртма»си билан ҳаракат қилмаслигини тан олиши керак. «Агар Германия Анқара билан муносабатларни ривожлантириш позициясидан ёндашадиган бўлса, биринчи галда, душманона сиёсатдан воз кечиши керак», - деган Чавушўғли. 

«НАТО саммити доирасида Меркель билан учрашган президент Ражаб Тоййиб Эрдўған икки томонлама муносабатлардаги барча муаммоларни санади. Бу Фатҳуллоҳ Гулен террорчилик оқими тарафдорларини ошкора қўллаб-қувватлашдир. Уларнинг бир қисми Германияда бошпана топишди. Шунингдек, Берлин Курдистон ишчи партияси террорчиларининг гумашталари ҳаракатларига кўз юммоқда. Бунда, давлат даражасида Германиядаги турк жамоатчилигига тизимли босим ўтказиш сиёсати давом этмоқда», - деган Туркия ТИВ раҳбари. 

Туркия ташқи ишлар вазирининг қайд этишича, Германия парламенти аъзоларининг бугунги шартларда «Инжирлик» авиабазасига ташриф буюриши мумкин эмас. «Келгусида Берлин ижобий қадамлар ташласа, Туркия ҳам шундай йўл тутади», - деган Чавушўғли.

Германия томонининг «Инжирлик» авиабазасидан ўз ҳарбий кучларини олиб чиқишига доир таҳдидларига фикр билдирган Чавушўғли, Германия лоф ураётганини айтди. «Бу авиабаза Туркияга қарайди ва барча харажатлар Туркия томонидан амалга оширилмоқда. Агар Германия томони контингентини олиб чиқишни хоҳласа, биз уларнинг фикрини ўзгартиришга уринмаймиз», - деб қайд этган Туркия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари. 

Шу билан бирга, Чавушўғли 5 июнь куни Туркияга Германия ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэль келишини маълум қилди.