31 май – Чекишга қарши халқаро кураш кунида Чехияда жамоат жойларида чекишни тақиқловчи қонун кучга кирди. Энди бу мамлакатда ресторанда ёқилган сигарет учун 5 минг крон (200 доллар) миқдорида жарима тўланади.

"Янги қонунни бузганлик учун жарима солиш 31 майдан амал қилади. Ресторан ва бошқа жамоат жойлари эгаларига янги қонунга тайёргарлик кўриш учун 90 кунлик имтиёзли давр берилди. Бироқ бу даврдан кейин жарималар ҳам каттароқ, 2 млн кронгача (80 минг доллар) бўлади", дейилган хабарда.

Янги қонунга кўра, эндиликда Чехияда жамоат жойлари ва жамоат транспорти бекатларида чекиш ва автоматлар орқали, ёшлар иштирокидаги тадбирларда, мактаблар ёнида тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар сотиш тўлиқ тақиқланади. Ресторан ва барларда фақатгина очиқ террасаларда чекиш мумкин бўлади. Аэропорт ва йирик савдо марказларида чекиш учун махсус хоналар ташкил этилади. Шунингдек, электрон сигаретлар оддий сигаретларга тенглаштирди.  

18 ёшдан кичик бўлганларга сигарет ва спиртли ичимлик сотган савдо муассасаси раҳбарига 2 млн кронгача жарима солиниши мумкин. Бундан ташқари, спиртли ичимлик сотиладиган жойлар ходимлари ташриф буюрувчиларнинг ҳолатини кузатишлари ва уларга меъёридан ортиқча спиртли ичимлик бермасликлари шарт бўлади.

Аввалроқ Европанинг 11 та давлатида: Португалия, Испания, Франция, Буюк Британия, Ирландия, Латвия, Венгрия, Болгария, Греция, Кипр ва Мальтада жамоат жойларида чекиш тўлиқ тақиқланганди. Шунингдек, яна 11 та давлатда: Швеция, Финляндия, Дания, Нидерландия, Руминия, Эстония, Литва, Польша, Италия, Бельгия ва Словенияда камдан-кам ҳолатлардан ташқари, чекиш тақиқланган. Шунингдек, Германия, Австрия, Словакия, Хорватия ва Люксембургда жамоат жойларида чекиш қисман тақиқланган.

31 май куни бутун дунёда чекишга қарши халқаро акция – Тамакидан холи халқаро кун  (World No Tobacco Day) ўтказилади. Бу кун 1987 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томондан тамаки чекиш эпидемияси ва унинг ҳалокатли оқибатларига эътибор қаратиш учун таъсис этилган.