Экологик жиноятлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилади

Жамият 31 Май 2017 4040

5 июнь куни "Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни" нишонланади. Онлайн-сўровномага биноан Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунининг 2017 йилги шиори - "Мен табиат билан биргаман" бўлди

Экология ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат бошқарувини такомиллаштириш ва қайта тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қарорига асосан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди. Ушбу қўмитанинг асосий мақсад ва вазифалари - экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича давлат миқёсидаги бошқарув, координация ва идоралараро муносабатларни ташкиллаштириш. 

Шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасида таъсирчан тизимни ташкил этиш - қўмитанинг янги вазифаларидан бири ҳисобланади. 

Халқаро Пресс-клубнинг "Экология-2017 ҳафталиги" очилишида иштирок этган "Кун.уз" ходимига кўра, йиғилиш иштирокчилари жойларда учраётган экологик жиноятлар, жавобгарлик чораларини кучайтириш, қонунбузарликлар учун жазо ҳажмини ошириш орқали атроф-муҳит қонунчилигига жиддий ўзгаришлар киритишни талаб қилаётгани тўғрисида фикр билдиришган. 

2016 йилда Қўмита томонидан табиатни асраш соҳасига оид 18 269 маъмурий ҳуқуқбузарлик қайд этилган. Уларнинг 40 фоизи (7187 ҳолат) бевосита атроф-муҳитни чиқиндилар билан ифлослантиришга боғлиқ. Экологик ва санитария нормалари, чиқинди бошқаруви талабларини бузганлик учун маъмурий жазо ҳажмлари етарли эмаслиги ва бу юқоридаги ҳолатнинг сабабларидан бири эканлиги таъкидланди. Шу муносабат билан, жавобгарликни ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилган. 

Шунингдек атроф-муҳит муҳофазаси бевосита жамоат иштирокини талаб қилиши ва жамоат экологик назоратини кучайтириш кераклиги экология соҳаси экспертлари томонидан таъкидлаб ўтилди. Дарахтларни ноқонуний кесиш ва браконьерликни олдини олишга қаратилган профилактика ишлари бу фаолиятда устувор аҳамиятга эга бўлиши даркор, зеро бу муаммо анжумандаги ОАВ вакиллари томонидан бир неча бор кўтарилди. 

Сессия якунида "Экология ҳафталиги-2017" ўтказилишининг асосий вазифалари аҳоли эътиборини экология масалаларига қаратиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ҳар бир фуқаро иштирокини фаоллаштиришдан иборат эканлиги қайд этилди. 

Кўпроқ янгиликлар