Филиппин қуролли кучлари ИШИД таъсиридаги жангарилар эгаллаб олган Марави шаҳрида ўтказилаётган ҳарбий амалиёт вақтида 90га яқин жангарини ўлдирган. Бу ҳақда Франс Пресс ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Шу билан биргаликда қуролли тўқнашувлар вақтида тинч аҳоли вакилларидан 19 киши, ҳарбийлардан 21 киши қурбон бўлган.

Ҳарбийлар орасидаги манбанинг сўзларига кўра, армия ўтказган амалиёт "ўта муваффақиятли" кечган. 

Филиппиннинг бу шаҳрининг катта қисми ҳамон жангарилар назорати остида қолмоқда. Ҳудудда тинч аҳоли вакиллари кўплиги туфайли шаҳарни озод этиш қийин кечмоқда.

Филиппин ҳарбийлари ва жангарилар ўртасидаги жанглар 23 май куни бошланганди. ИШИД билан алоқадор «Мауте» гуруҳи фаоллашиши туфайли Минданао вилоятида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Ҳукумат Минданао провинциясидаги террорчилар етакчиларидан бири Иснилон Хапилонни қўлга олишга ҳаракат қилгани туфайли бу ерда вазият мураккаблашиб кетди.

Вазият мураккаб тус олган Марави шаҳрининг 200 мингга яқин аҳолиси 25 май куни маҳаллий вақт билан 13.00 га қадар ўз уйларини тарк этиши лозим эди. Шу куни армия шаҳар кўчаларини тозалашга киришганди.