Филиппинда Марави шаҳрини босиб олган ИШИД жангариларига қарши аксилтеррорчилик операцияси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 129 нафарга етди. Бу ҳақда маҳаллий мансабдор шахсларга иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Ҳукумат армияси вакили Реституто Падильянинг айтишича, 960 киши қутқариб қолинган, бироқ қамал қилинган шаҳарда яна мингдан кўпроқ одам қолмоқда. Унинг айтишича, армия шаҳарни жангарилардан 90 фоизга тозалаган.

Таъкидланишича, шаҳарнинг қамал қилиниши ҳукумат қўшинларининг Филиппинда ИШИД билан боғланган гуруҳ етакчиси Иснилон Хапилонни қўлга олишдаги муваффақиятсизлиги оқибати бўлди. 

Филиппин президенти Родриго Дутерте мамлакатдаги вазиятнинг кескинлашиши сабабли 5-6 июнга белгиланган Японияга сафарини бекор қилди.