Венесуэла полицияси икки ой олдин бошланган ва ҳамон давом этаётган ҳукуматга қарши намойишлар давомида деярли уч минг кишини ҳибс қилган. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиларига асосланган ҳолда маҳаллий нашрлар ёзмоқда.

Foro Penal нодавлат ташкилоти раҳбари Алфредо Ромеро берган маълумотга кўра, намойишлар давомида полиция 2 минг 977 кишини қўлга олган, улардан 1,351 нафари ҳамон ҳибсда қолмоқда.

Шу кунларда яна Каракасдаги намойишларга икки мингга яқин киши чиққан. Полиция уларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади.

Венесуэладаги оммавий норозилик  намойишлари шу йилнинг 1 апрелида президент Николас Мадурони қўллаб-қувватловчи Венесуэла Олий суди Миллий ассамблея (парламент) ўрнига ўзини қонунчилик органи деб эълон қилиб, депутатларни иммунитетдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарганидан кейин бошланганди.

Намойишчилар навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказишни ва парламент ваколатларини тиклаб, иқтисодий ислоҳотлар жараёнини бошлашни талаб этмоқда.

Президент Николас Мадуро қонунларни инкор этишда, шунингдек, сиёсий мухолифатга босим ўтказиш ҳамда мамлакатдаги иқтисодий муаммолар юзага келишида айбланмоқда.

Ўтган вақт ичида полиция билан тўқнашувлар давомида 69 киши киши ҳалок бўлди.

Намойишчиларни тарқатишда ўточар қуроллардан ва резина ўқлардан ҳам фойдаланилмоқда. Намойишчилар эса полицияга тошлар ва бутилкалар улоқтирмоқда, кўчаларда машиналарга ўт қўймоқда.