Халқаро Пресс-клубнинг 31 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "Экология ҳафталиги-2017" очилиш маросимига бағишланган сессиясида атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва ундаги муаммолар ҳақида сўз юритилди. 

Йиғилишнинг иккинчи қисмида ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берилди. Тадбирда иштирок этган "Кун.уз" ходимига кўра, саволлар Ўзбекистонда дарахтларнинг кесилиши, Роғун ГЭСи, Париж Конвенцияси, Орол денгизи муаммоси, чиқиндиларни қайта ишлаш каби мавзуларга оид бўлди. Қуйида жавоблар мазмуни келтирилади:

1. Ўзбекистон Роғун ГЭСи бўйича ўз позициясини ўзгартирмайди. 

2. Париж Конвенцияси иқлимнинг ўзгаришлари бўйича давлат олдига қўйилган талабларни ўз ичига олади. Сўнгги йилларда иқлим ўзгариш суръати пасаймаган. 55 мамлакат иссиқхона газлари бўйича мажбуриятларни бажарсагина, Конвенция шартлари бажарилган ҳисобланади. 

3. 2016 йилда 4 мингдан ортиқ дарахт кесилган. Шу ўринда, таъкидлаш жоизки, куни кеча Москвада кузатилган довул кўплаб кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келди ва улардан баъзилари дарахтлар остида қолиб кетди. Бу эса шаҳарда мазкур йўналишда керакли чоралар кўрилмаганидан далолат беради. Ноқонуний дарахт кесувчиларга қарши эса, биргаликда курашиш зарурлиги таъкидланди. 

4. Туризмга доир янги қонун ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистонда экотуризмни ривожлантириш имкониятлари жуда катта. Бироқ шунга муносиб инфратузилма яратиш керак.

5. Қишлоқ жойларида энергосамарадорлик масалалари кўриб чиқилмоқда. 

6. Чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш бўйича - Оҳангарондаги полигон ёпилиб, халқаро стандартларга жавоб берувчи янги полигон қурилади.