ИШИД террорчилик гуруҳи бевосита терроризмга қарши курашда иштирок этаётган давлатлар ҳудудида "асимметрик уруш" (икки урушаётган томонлар кучи мос келмайдиган уруш) олиб боришга уринмоқда. МДҲ Аксилтеррор маркази раҳбари, полиция генерал-полковниги Андрей Новиков шундай фикрни билдирди.

Душанбе шаҳрида Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси ҳамкорлигида МДҲ АТМнинг 2 кунлик йиғинлари бошланди. Унда, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Арманистон, Озарбойжон ва Белоруссия хавфсизлик органлари ва махсус хизматларининг аксилтеррор бўлинмалари раҳбарлари иштирок этмоқда. Шу билан бирга, МДҲ ижро органлари, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, ЕХҲТ вакиллари ҳам қатнашмоқда. 

"ИШИДнинг асосий бошпаналарига босим кучайиши муносабати билан улар уруш олиб боришнинг қўпорувчилик-террорчилик усулларига мурожаат қилмоқда. Бу ҳолат асосий зиддиятлар давом этаётган ҳудудларда ҳам, аксилтеррор амалиётларда фаол қатнашаётган давлатлар ҳудудида ҳам кузатилаяпти. ИШИД ўз назоратидаги ҳудудларни бой бериб, "халифалик" ғоясидан воз кечган тақдирда ҳам террор таҳдидлари сақланиб қолади. ИШИДнинг жаҳон жиҳод ҳаракатида етакчилик қилишга уриниши дунёнинг турли минтақаларида янги террорчилик таҳдидлари пайдо бўлишига, бевосита терроризмга қарши курашаётган мамлакатлар ҳудудларида "асимметрик уруш"ни ташкил этишига олиб келади", — деган Новиков.

Унинг сўзларига кўра, Сурияда аллақачон ўзини намоён этаётган бундай "асимметрик уруш" олиб бориш, унга қарши ҳаракат қилишнинг етарли тизимли усулларини қидиришга мажбур қилди".

"Замонавий воқеалар ривожи шундай тахмин қилишга асос бўлмоқдаки, Марказий Осиё давлатларининг бирортасида оператив вазият авж олгудек бўлса, гап биринчи галда, МДҲ доирасидаги қўшма ҳарбий-полиция амалиётлари ҳақида боради", — деб қайд этган МДҲ АТМ раҳбари. 

31 май куни Тожикистонда "Душанбе-Аксилтеррор-2017" — ҳарбий ўқув машғулотлари эса, МДҲга аъзо давлатлар террорга қарши кураш Маркази томонидан Ҳамдўстлик қуролли кучларини жалб қилган ҳолда илк маротаба ўтказилмоқда.