Мельбурн аэропорти фавқулодда ҳолат туфайли вақтинчалик ёпилди

Жаҳон 31 Май 2017 4209
Фото: ladbible.com

Мельбурн халқаро аэропорти вақтинчалик ўз фаолиятини тўхтатди. Бортида фавқулодда ҳолат юз берган лайнер шошилинч аэропортга қайтди. Daily Mirror шу ҳақида хабар берди. 

Манбага кўра, Мельбурн-Куала-Лумпур рейсини амалга ошираётган Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Airbus A330 лайнери парвоздан бир неча дақиқа ўтгач, аэропортга қайтиб қўнган. Бунга учувчилар кабинасига киришга уринган йўловчи сабаб бўлган. Нашрда таъкидланишича, йўловчи бомба ҳақида гапирган, унинг қўлида "электрон қурилма" бўлган.

У бошқа йўловчилар томонидан тўхтатиб қолинган, самолёт аэропортга қўнгандан кейин эса қонунбузар полицияга топширилган.

Авиакомпанияда самолёт бортида рўй берган фавқулодда ҳолат тасдиқланган. "Йўловчи учувчилар кабинасига киришга уринди, борт Мельбурнга қайтди. Қонунбузар аэропортнинг хавфсизлик ходимларига топширилди", - дейилади Malaysia Airlines'нинг расмий баёнотида. Рўй берган воқеа юзасидан тергов йўлга қўйилган.

Австралиянинг 9news телеканалида хабар берилишича, Мельбурнга парвоз қилаётган барча самолётлар бошқа аэропортларга йўналтирилмоқда. 

Кўпроқ янгиликлар