Остонада халқаро аэропортнинг янги терминали тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz мухбири. 

Янги терминалнинг умумий майдони – 47 минг квадрат метр. У ўз ичига йўловчилар халқаро терминали ва VIP-терминал, олтита ҳаво кемаларининг янги тураргоҳи ва тўртта автобусларга кириш жойини қамраб олган. Паспорт назорати учун 42 та кабина ва соатига 1 200 та юк ўтишини таъминловчи багаж тизими бор. 

Терминалда компьютерлар ва Wi-Fi’га эга офис ҳудудлари, душ кабинкаларига эга ҳожатхона зоналари, ўриндиқлар ва курсиларга эга олтита турли зона бор, терминалнинг устки қавати эса ресторан ҳудудига берилган.

Янги терминалнинг лойиҳа қуввати йилига беш миллион кишини ташкил этади, тиғиз вақтда эса - 1 775 нафар йўловчи. Ўтказиш имконияти – йилига уч миллион йўловчи. Шу тариқа, Остона аэропорти бир йилда саккиз миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиши мумкин.

Терминалнинг ўзига хос принципи бир вақтнинг ўзида 12 та халқаро ва ички рейслардаги ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш имконини беради.

Янги терминал EXPO-2017 халқаро кўргазмаси очилишига қадар ишга туширилади.

Бундан ташқари, Остонада “Нұрли жол” янги темир йўл вокзали ҳам очилмоқда. Давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев унга ташриф буюрди, деб маълум қилди Tengrinews.kz. 

"Яқинда EXPO очилади. Шу сабабдан мен пойтахтимизнинг янги объектларига ташриф буюрмоқдаман. Бу вокзал собиқ иттифоқ давлатлари ҳудудидаги ягона шундай вокзалдир. Мен ҳаттоки Европада ҳам шундай вокзални кўрмаганман. У келажак учун ишлайди. Биз Қозоғистоннинг барча минтақаларини "Тальго" тез юрар поездлари билан бирлаштирдик, улар соатига 150-200 километр тезликда юриши мумкин. Агарда Олмаотадан аввал 24 соат давомида келинган бўлса, энди бунга 11 соат кетади, холос", - деди Назарбоев.

Янги вокзал мажмуаси - умумий майдони 126 минг квадрат метр бўлган олти даражали бинодир. Ўтказиш имконияти – бир суткада 35 минг йўловчи.

Биринчи ва иккинчи қаватлар ер остида жойлашган, у ерда 740 автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ ва техник хизмат кўрсатиш хоналари бор. Поездлар бинонинг учинчи қаватига келади, у ерда йўловчилар поезддан тушади ва унга чиқади. Вокзал перрони ёпиқ ҳолатда. Таъкидлаб ўтиш жоизки, чиптасиз фуқароларнинг перронга кириши тақиқланган.

Бинонинг тўртинчи қаватида кутиш зали, савдо дўконлари ва чипта кассалари жойлашган. Бешинчи қаватда овқатланиш шохобчалари, оналар ва болалар хонаси, меҳмонхона бор. 

Вокзалда хавфсизликка катта эътибор қаратилган, бино видеокузатувнинг интеллектуал тизими билан жиҳозланган – тахминан 510 та камера ўрнатилди.

Янги вокзалдан биринчи поезд 1 июндан йўлга чиқади.