Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 26 май куни «2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги Қарорга имзо чекди.

Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган Дастур, шу жумладан, қайта тикланувчи манбалардан электр энергияси ишлаб чиқарувчи электростанцияларни қуриш учун инвестицияларни жалб этишни ҳам кўзда тутади. Унда таъкидланишича, лойиҳалар ташаббускорларига кўмак кўрсатилади.

Хусусан, ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри, архитектура ва қурилиш қўмиталари лойиҳалар ташаббускорларига ер участкаларини ажратишда ва лойиҳа ташаббускорлари мурожаатларига асосан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи ускуналарни қуриш лойиҳаларини ваколатли давлат органлари билан “ягона дарча” тамойили орқали келишишда кўмаклашади. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи ускуналарни қуриш ва фойдаланишга топширишда рухсат бериш тартиб-тамойилларидан ўтиш муддатларига риоя этилиши юзасидан назорат таъминланади.

Хусусий электр энергияси ишлаб чиқарувчилар ягона электр тизимига уланади ва шу тариқа энергияни сотишлари мумкин бўлади. Ҳужжатда қуйидагилар белгиланган:

  • белгиланган қувватлари тегишли равишда 0,2 МВт ва 30 МВт бўлган микро ва кичик гидроэлектростанциялар, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда, электр энергияси ишлаб чиқарувчи истеъмолчилар, шунингдек, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, қайта тикланувчи энергия манбаларидан ва иккиламчи энергетик ресурслардан фойдаланган ҳолда энергия ишлаб чиқарувчилар ягона электр энергетикаси ва электр энергияси истеъмолчиларининг тармоқларига қонунчилик талабларига мувофиқ блок-станциялар шартларида уланишлари мумкин;
  • қайта тикланувчи энергия манбалари ва иккиламчи энергетика ресурслардан фойдаланадиган қурилмалар ягона электр энергетикаси тизими операторининг диспетчерлик графигида электр энергиясини сотиб олиш бўйича қазилма ёқилғиларидан фойдаланадиган энергия ишлаб чиқарувчи қувватларга нисбатан устуворликка эгадир;
  • мавжуд электр тармоқларини реконструкция қилиш ва (ёки) кенгайтириш учун қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналарини (қурилмаларини) улаш билан боғлиқ харажатлар ушбу тармоқ эгалари томонидан, ягона электр энергетикаси тизимига улаш нуқтасигача эса – қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчи томонидан амалга оширилади;
  • ягона электр энергетика тизимига етказиб берилаётган қайта тикланувчи энергия манбаларидан (“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташкилотларидан ташқари) ишлаб чиқарилган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар учун амалдаги тариф қийматида (қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмаган ҳолда), ягона электр энергетика тизими бўйича электр энергияси бирлигини етказиб бериш таннархига камайтирилган қийматда, шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг электр энергияси бирлигини тақсимлаш ва сотиш қийматига камайтирилган ҳолда, амалга оширилади.

 
Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари “Ўзбекэнерго” АЖ ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда, қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергия ишлаб чиқарувчилардан электр энергия сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлишди.

Бу муҳим! Вазирлар Маҳкамаси томонидан Президентнинг 2017 йил 6 апрелдаги Ф-4891-сон фармойиши билан ташкил қилинган Товарлар (ишлар, хизматлар) ҳажми ва таркибини танқидий таҳлил қилиш, импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш Комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган рўйхатга асосан, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган, Дастурга киритилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун четдан олиб келинадиган технологик ускуналар, хомашё, материаллар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, технологик ҳужжатлар 2022 йилнинг 1 январигача божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинади.

Манба: Норма.уз