Футбол бўйича Бразилия терма жамоасининг афсонавий ҳужумчиси ва икки карра жаҳон чемпиони Мануэл Франсиско дус Сантус ёки Манэ Гарринчанинг жасад қолдиқлари Рио-де-Жанейро штатидаги қабристондан изсиз ғойиб бўлди. Бу ҳақда Globo хабар берди.

Бу ҳолат рўй бергани футболчининг қизи Розанжеле дус Сантус туфайли маълум бўлди, у Гарринчанинг қабри устида махсус хотира тадбирини ташкиллаштирмоқчи эди. "Отам бунга лойиқ эмасди", - дея маълум қилди у.

Маълум бўлишича, машҳур ўйинчининг жасад қолдиқлари бир неча йил муқаддам ер остидаги сағанадан оиланинг бошқа бир аъзоси илтимоси туфайли олинган, у бу ерда бошқа қариндошини дафн этишга қарор қилган. Гарринчанинг фарзандларидан ҳеч бири бу ҳақда хабардор этилмаган. Эксгумация жараёни рўй берганини тасдиқловчи биронта ҳужжат сақланиб қолинмаган, ҳамда қабристон ходимлари жасад қолдиқлари қаерга кетганини билишмаяпти. Катта эҳтимол билан улар бутунлай йўқолган.

"Биз бу масалани ўрганиб чиқдик, ҳамда аниқ айтишимиз мумкинки, у айни дамда бу ерда дафн этилмаган. Бизда эксгумация ва жасад қолдиқларининг бошқа жойга кўчирилгани ҳақида маълумот бор, бироқ айнан қаерга эканини, биз билмаймиз", - дея маълум қилди қабристон маъмури Присила Либериу.

Гарринча жаҳон футболи тарихидаги энг яхши ўйинчилардан бири ҳисобланади. Мухлислар уни “Қийшиқ оёқли фаришта”, деб аташарди, гап шундаки, ҳужумчининг бир оёғи ҳақиқатдан ҳам бошқасидан олти сантиметрга қисқароқ бўлган, бу у ёшлигида полиомиелит билан оғригани туфайли рўй берган. Бироқ бу футболчига миллий терма жамоа сафида икки бор жаҳон чемпиони бўлишда халал бермади.

Футболчи 1983 йилда ичкиликбозлик оқибатида 49 ёшида вафот этган ва Мажедаги "Раис-да-Серра" қабристонида дафн этилган. Шу билан бирга, унинг қабр тошини тайёрлашда хатога йўл қўйилган – вафот этган йил сифатида 1985 йил кўрсатилган, аслида эса ўйинчи 1983 йилда ҳаётдан кўз юмган. Маже ҳокими Рафаэл Тубараунинг маълум қилишича, бу ҳолатда ягона йўл – қабристондан топилган барча номаълум жасад қолдиқларининг ДНК таҳлилини ўтказиш.