Арманистон соғлиқни сақлаш вазирлиги қонунга жамоат жойларида чекишга тақиқловни бузганлик учун 10 минг доллар миқдорида жарима киритилишини кўзда тутувчи ўзгартиришларни ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Арманистон соғлиқни сақлаш вазири Левон Алтунян Арманистон жамоатчилик телекомпаниясига берган интервьюсида маълум қилди. 

Алтуняннинг айтишича, чекиш каби иллатни катта жарималаргина билан йўқ қилиш мумкин, акс ҳолда бу чоралар шунчаки бюджетни тўлдириш манбаси бўлиб қолади.

"Бирданига ва ҳеч қандай имтиёзларсиз барча жамоат жойларида чекишни тақиқлаш зарур. Бунда асосий ва энг самарали йўл – 10 фоизлик тақиқлашдир", деб таъкидлаб ўтди вазир. Унинг айтишича, соғлиқни сақлаш вазирлиги бу чоралар билан 30-40 фоиз чекувчиларнинг бу зарарли одатни ташлашларига эришмоқчи.

Шифокорлар маълумотларига кўра, Арманистонда 55 фоизга яқин эркаклар чекадилар. Аёллар орасида бу кўрсаткич Ереванда 8 фоизни, вилоятларда 3 фоизни ташкил қилади.