Спорт арбитраж суди (CAS) «Атлетико»нинг апелляциясини қаноатлантирмади.

Marca хабарига кўра, мадридликлар клуби ёзги трансферлар вақтида янги футболчиларни таркибга қўшиб ололмайди.

«Атлетико»га аввалроқ вояга етмаган футболчиларни сафига қўшиб олиб, қоидаларни бузгани туфайли 2 трансферлар даврида трансферларни амалга оширишга тақиқ қўйилганди.

Мадридликлар клуби шу туфайли 2017 йил январида трансферларни амалга ошира олмади ва ёзги трансферлар учун тақиқни бекор қилишни сўраб, судга мурожаат қилганди. Аммо арбитраж суди апелляцияни инкор этган.

Шу тариқа, «Атлетико» ўз футболчиларини сотиши, хусусан, Антуан Гризманни «Манчестер Юнайтед»га қўйиб юбориши эҳтимоли камайди.