1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар парламент назорати доирасида Ўзбекистон Республикаси молия вазири томонидан тақдим этилган Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилдаги ҳамда 2017 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати хабар берди.

Мажлисда таъкидланганидек, Давлат бюджети тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқ ва 132 миллиард сўмдан ортиқ миқдорда профицит билан ижро этилди. ЯИМнинг ўсиши 7,8 фоизни, саноат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми тегишинча 6,6 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, аҳоли жон бошига реал ялпи даромадлар 11 фоизга, бюджет ташкилотлари ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдори тегишинча 15 фоизга ошди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш давомида депутатлар ушбу соҳадаги ишларнинг жорий ҳолатини танқидий равишда таҳлил қилдилар.

Жумладан таъкидланганидек, жаҳон бозорларида конъюнктура барқарор эмаслигини ва рақобат кучайиб бораётганлигини ҳисобга олган ҳолда инвестицияларни жалб этишда 2017 йилги Инвестиция дастурига киритилган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ҳудудларига сафарлари чоғида ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг сўзсиз бажарилишига биринчи даражали эътиборни қаратиш даркор.

Давлат раҳбарининг парламент томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланган ташаббусига кўра Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар ойда мамлакатимизнинг турли ҳудудларига борадилар ва 10-12 кун мобайнида жойлардаги ишларнинг ҳақиқий аҳволини ўрганадилар. Бундай амалиёт кўплаб муаммоларнинг ҳақиқий сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш имконини беради. Ўрганишлар якунлари шундан далолат берадики, уй-жой коммунал хизмат тизимидаги, транспорт ва йўл хўжалигидаги, аҳоли бандлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларини таъминлашдаги, яъни ривожлантирилиши учун Давлат бюджетининг салкам 60 фоизи сарфланадиган ижтимоий соҳадаги камчиликлар мамлакат минтақалари аҳолисини ташвишлантираётган энг долзарб масалалар ҳисобланади.

Мажлис давомида депутатлар вазирликлар ва идоралар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишда халқ депутатларининг тегишли Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш борасида олдинда турган аниқ вазифаларни белгилаб олдилар.

Мажлис якунларига кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилдаги ҳамда 2017 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.