Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёевнинг «Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига шарҳ эълон қилинди.

Кейинги йилларда республикада ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш, таъсирчан назоратни таъминлаш ҳамда ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри соҳаларидаги муносабатларни комплекс тартибга солишга йўналтирилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Республикамиз учун ўта долзарб аҳамиятга эга бўлган суғориладиган ерлар 4,3 миллион гектарни, ёки мамлакат умумий майдонининг 9,6 фоизини ташкил этиб, уларда барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 95 фоиздан ортиғи етиштирилади.

Дастурий чора-тадбирлар доирасида тизимли равишда ер ресурсларини ҳисобга олиш ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш, кўчмас мулк объектлари, картографик фондни такомиллаштириш юзасидан ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида ер қонунчилигига риоя этиш бўйича доимий мониторинг қилиш тизими ишлаб чиқилиб жорий этилди, кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш, 21 та давлат кадастрларини интеграциялашувига қаратилган Ўзбекистон Республикаси Миллий геоахборот тизимини ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар қуйидагиларни кўрсатмоқда:

  • жойларда ердан нооқилона фойдаланишнинг ўз вақтида олдини олиш бўйича ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда етарли даражада тизимли ишлар амалга оширилмаяпти;
  • қишлоқ аҳоли пунктларида ва маҳаллаларда, айниқса, олис ҳудудларда ерлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам мониторинг қилиш ишлари етарли даражада олиб борилмаяпти;
  • мавжуд ходимлар сони ер ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш ва уларнинг ҳисобини юритишни тўлиқ амалга ошириш имконини бермаяпти.

Юқоридаги камчиликлар ерлардан оқилона ва мақсадли фойдаланиш, шунингдек, тармоқда қонун ҳужжатларига риоя этиш устидан тўлақонли таъсирчан назоратни таъминлаш имконини бермаяпти.

Республикамиз ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини, қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш, шунингдек, соҳа фаолиятини такомиллаштириш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қабул қилинган ҳужжатларда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • ердан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, картография ва геодезия фаолияти бўйича ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;
  • ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан тизимли давлат назоратини ҳамда қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши бўйича давлат геодезия назоратини амалга ошириш;
  • тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
  • ер тузиш, ердан фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш соҳаларида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, ер ресурсларидан фойдаланиш ҳамда ердан фойдаланиш истиқболини ва схемаларини прогнозлаштириш ва режалаштиришда қатнашиш;
  • учувчисиз аппаратлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалик ерларини, қишлоқ хўжалик экинлари ва уларни парваришлашни мониторинг қилиш, геодезик маълумотлар ва картографик материаллардан фойдаланган ҳолда сунъий йўлдош навигация тизими ишлашини таъминлаш ва бошқалар.

Қабул қилинган ҳужжатда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтини Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тасарруфига ўтказиш кўзда тутилган.

Бу ўз навбатида қўмитага юкланган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш имкониятини яратади, институт билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ўтказиш орқали, биринчи навбатда тупроқнинг таркиби ва махсус илмий лабораторияларда тупроқдаги барча жараёнларни ўрганиш орқали суғориладиган ерларнинг унумдорлиги ва уларнинг балл-бонитети аниқланади.

Давлат кадастрларини юритишни ташкил этиш даражасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг ўринбосари лавозими жорий этилди. У давлат кадастрлари соҳасини мувофиқлаштириш, тизимга илғор ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш ва халқаро муносабатларни ривожлантириш ишларига масъул этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига, унинг ҳудудий бўлинмаларига мавжуд штатларга қўшимча равишда 937 та муҳандис-ер тузувчилар штат бирлиги, шундан 92 фоизи қўмитанинг туман бўлимларига берилмоқда.

Қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида қўмита тизимининг ташкилий тузилмаси, қўмита марказий аппаратининг тузилмаси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари, туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларининг намунавий тузилмаси ва ходимларининг чекланган умумий сони тасдиқланди.

Шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини самарали ташкил қилиш, соҳага илғор фан-техника ютуқларини жорий этиш, моддий-техника базасини янгилаш, тармоққа халқаро грантларни жалб қилиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланган.

Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларини хизмат автомашиналари, жойлардаги мутахассисларни замонавий ўлчов асбоблари, хизмат хоналари билан таъминлаш белгиланган.

Ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қонун ҳужжатларига риоя этилиши назоратини таъминлаш каби асосий вазифаларни бажариш учун қўмита ва унинг ҳудудий органлари ўзларининг ваколатлари доирасида судларга бериладиган даъво аризалари бўйича давлат божи тўлашдан озод этилмоқда.

Мазкур фармон ва қарорнинг амалга оширилиши:

биринчидан, республикамиз ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ва қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш;

иккинчидан, қишлоқ хўжалиги ерларидан, айниқса, суғориладиган ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш юзасидан қаттиқ назорат ўрнатиш, шунингдек, республика ер фонди ҳисобини юритишни тизимлаштириш;

учинчидан, замонавий юқори технологияли техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа мутахассисларига юкланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш имконини беради.