Тошкент шаҳридаги Халқаро ҳамкорлик марказида 1 июнь куни Ўзбекистон – Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг сармоя, савдо, иқтисодиёт, банк-молия, энергетика, ахборот технологиялари, қишлоқ ва сув хўжалиги, геология, экология, атроф-муҳит муҳофазаси, транспорт ва коммуникациялар, логистика, авиасозлик, қурилиш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Франция делегациясига MEDEF International” Франция корхоналари ҳаракатининг Франция – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши раиси Кристоф Фонтэн бошчилик қилди. Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Азим Аҳмадхўжаев, Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор ва бошқалар иштирок этди. 

“MEDEF International” Франция корхоналари ҳаракати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкил этилган ушбу анжуман кўп томонлама алоқаларни фаоллаштиришга, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларига киритилаётган сармоя ҳажмини янада оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 2016 йилда Франция – Ўзбекистон ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 264,8 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.

– Франция Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор билан қарайди, – деди Кристоф Фонтэн. – Бизнес-форумда Франциянинг энергетика, авиасозлик, транспорт, сув хўжалиги, қурилиш, юқори технологиялар, консалтинг каби соҳаларга ихтисослашган 22 компанияси вакиллари иштирок этмоқда. Келгуси учрашувларимизда делегациямиз таркибига туризм соҳасида фаолият юритувчи соҳа мутахассисларини ҳам жалб этиш ниятидамиз. Зеро, бу соҳадаги ҳамкорликнинг ҳам истиқболи катта. Ўзбекистонда ўз фаолиятимизни янада кенгайтириш, икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришдан манфаатдормиз.

Ўзбекистон томони мулоқот чоғида Франция тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда амалга ошириш таклиф этилаётган сармоявий лойиҳаларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Хусусан, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзметкомбинат”, “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўзбекэнерго”, “Ўзагротехсаноатхолдинг” ва “Ўзинфоком” каби акциядорлик компанияси ва жамиятлари ходимлари томонидан мазкур тармоқларда ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.

Франциянинг Lazard Freres, Areva Mines, SNF SAS ва Fives сингари компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритиш имкониятларини кўриб чиқишларини билдирди.

Икки мамлакат ишбилармонлари бизнес-форум доирасидаги давра суҳбатларида атроф-муҳит, сув ресурслари ва муниципал хизматлар, ахборот технологиялари ва коммуникациялар, транспорт ва логистика, саноат, энергетика ҳамда қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга оид ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.