Германиянинг Дуйсбург шаҳрида миграция хизмати ходимлари гимназияда ўқувчини мамлакатдан депортация қилиш учун олиб кетишди. 14 ёшли ўқувчи Бивси Ранага дўстлари билан хайрлашиб олишга рухсат беришди, сўнгра ота-онаси билан Непалга йўл олаётган самолётга жойлаштиришган.

Рана дарс вақтида директор хонасига чақиртирилган, у ерда миграция хизмати ходимлари унга вазиятни тушунтиришган. Ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, ўқувчи кўз ёшларини тутиб тура олмаган ва аслида депортация қилишмоқчи эканини билмаган.

30 май куни қиз оиласи билан Непалга учиб кетган.

Рананинг оиласи Германияга 1998 йилда кўчиб келган. Мактаб ўқувчиси Германияда туғилиб, Оснабрюк шаҳрида таълим олган 18 ёшли акаси билан бирга катта бўлган. Рананинг оиласи Непалдан кўчиб келганида уларга қочқин мақомини беришдан бош тортишган. 2013 йилда уларнинг яшаш учун рухсатномаси муддати якунига етган. Шаҳар маъмуриятининг қайд этишича, депортация юридик нуқтаи назарда қонуний. 2016 йилда маъмурий суд Рана ота-онасининг қочқин мақомини олиш ҳақидаги мурожаатини яна рад этди.

WAZ.de нашрининг қўшимча қилишича, қиз депортация ҳақида олти ҳафта аввал хабардор этилиши, шунингдек, мактабдаги дарслардан озод этилиши лозим бўлган. Таъкидланишича, мактаб вазиятга аралашишни мақсад қилган, қизнинг ота-онаси эса Дуйсбургга қайтиб келиш ҳаракатида.