Хитойнинг киберхавфсизлик тўғрисидаги янги қонуни пайшанба куни кучга кирди. У бу соҳадаги кўплаб муаммоли масалаларни қамраб олади, шунингдек, қонунбузарлар учун йирик жарималарни назарда тутган.

Қонун 79 моддадан иборат бўлиб, улар олтита бўлим ва битта қўшимча иловага ажратилган. Ҳужжат Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши Доимий қўмитаси сессиясида маъқуллангандан сўнг, кенг оммага танишиш учун эълон қилинганди. 

Ҳужжатга кўра, Хитой ҳукумати хавфсиз, очиқ, қонунийлаштирилган кибермакон учун ҳаракат қилади, у биринчи навбатда, тинч бўлиши керак. Алоҳида таъкидланишича, кибермаконнинг хавфсизлиги ва суверенитетини худди давлатнинг жисмоний чегаралари каби қатъий ҳимоя қилиш даркор.

Хитой мамлакатнинг асосий ахборот инфратузилмаси хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш ва кибертерроризм, фирибгарлик ҳамда интернетдаги бошқа жиноятлар билан фаол курашиш ниятида.

"Давлат кибермакондаги хавфсизликка таҳдидлар ҳақида огоҳлантиради, керакли чораларни кўради ва кузатиб боради, шунингдек, у Хитой ва ташқаридан келувчи таҳдидларни йўқ қилади", - дейилади қонун матнида.

Қонунда кўрсатилишича, ҳукумат идоралари аҳолига киберхавфсизлик соҳасида ихтисослаштиришган таълим беришни ҳам ташкиллаштиради. 

Янги қоидалар тармоқ операторлари фаолиятига айниқса тегишли. Улар, 21-моддага кўра, хавфсизликни бошқаришнинг кўп даражали тизимини ишлаб чиқишлари лозим, шунингдек, тармоқ ҳужумлари ва компьютер вирусларидан зарар кўрмаслик бўйича техник чора-тадбирларни кўришлари даркор. 

Бундан ташқари, провайдерлар ўз дастурларига зарарли маҳсулотларни жойлаштириш ҳуқуқига эга эмас, агарда бу ҳолат рўй берса, тегишли идораларга дарҳол хабар бериш сўралган. Агарда тармоқ маҳсулоти шахсий маълумотларни йиғса, оператор бу ҳақда фойдаланувчини хабардор этиши ва унинг розилиги олиши керак.

Тармоқ операторлари интернетга уланиш бўйича хизматни кўрсатиш чоғида фойдаланувчиларнинг ҳақиқий маълумотларини олишлари даркор ва фойдаланувчи ҳақиқий маълумотни бермаса, провайдер билан шартнома имзолаши мумкин эмас. Шу тариқа, фойдаланувчиларнинг анонимлигига барҳам берилади.

Шунингдек, янги қонунга кўра, тармоқ операторлари исталган шахсий маълумотни йиғиш ва фойдаланишда амалдаги қонунчиликка риоя этишлари лозим. Провайдерлар учинчи шахсларга фойдаланувчининг розилигисиз шахсий маълумотини бериши, ўзгартириши ёки йўқ қилиши мумкин эмас. 

Юқорида кўрсатилган бандларни бузганлик учун 1,5 мингдан 150 минг долларгача миқдорда жарима назарда тутилган. Бунда кибержиноятнинг даражасига қаралади, шу билан бирга, ноқонуний йўл билан топилган барча даромад давлат томонидан олиб қўйилади. 

75-моддага кўра, ҳукумат хорижий ташкилотлар, муассасалар ва жисмоний шахсларни ҳужумни ташкиллаштириш ва амалга ошириш, бузиб кириш, Хитой давлат ахборот тузилмасига зарар етказишда гумон қилса, уларнинг мол-мулки музлатилади ва бошқа керакли санкциялар киритилади.

Ушбу ҳужжат эълон қилингач, ғарб ОАВда бир қатор хавотирли хабарлар пайдо бўлди. Хусусан, Кремний водийсидаги технокомпаниялар бу қонун Хитойнинг ички IT-секторини ҳимоя қилишга йўналтирилгани борасида ўз фикрларини билдирди. Уларнинг сўзларига кўра, янги қоидалар хитойлик харидорларни хорижий маҳсулотни сотиб олишдан қайтариши мумкин.

ХХР кибермакон бўйича бошқармасининг маълум қилишича эса, қонун хорижий компанияларни Хитой бозорига киришини ёки ахборот оқимини камайтиришни мақсад қилмаган. Унинг баёнотига кўра, "Хитой ўз кибермакони суверенитетини халқаро тажриба асосида тартибга солиш учун қонун ва қоидалар қабул қилишга тўла ҳуқуқли".

Янги қонунга кўра, миллий хавфсизлик билан боғлиқ бўлган барча интернет-маҳсулотлар ва сервислар хавфсизлик текширувидан ўтказилади. У маҳсулот ёки сервис хавфсиз ва керакли тарзда бошқарилаётганини тасдиқлаши лозим. 

Янги қонун илк кунларданоқ “қарама-қарши”, дея аталди, сабаби у бир томондан шахсий маълумотларни хакерлик ҳужумларидан ҳимоя қилишга ҳақиқатдан ҳам йўналтирилган бўлса, бошқа томондан янги чоралар Хитой ҳукуматига ахборот олиш, уни тарқатиш ва назорат қилишга кўпроқ шароит яратиб беради.

Amnesty International ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти баёнот билан чиқиб, "Хитой ҳукумати киберхавфсизлик тўғрисидаги янги қонунни дарҳол бекор қилиши лозимлиги, у ҳукуматга фикрни билдириш эркинлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқига чеклов киритиш бўйича карт-бланш беришини" маълум қилди.