Кейинги пайтда Ўзбекистондаги катта трассаларда юк машиналарига ҳаддан ташқари бесўнақай, машинанинг габаритидан ортиқ қилиб ортилган юкларга тез-тез кўзимиз тушади.

Масалан, ЙПХ масканига яқинлашаётган мана бу суратдаги машина каби:

«Хоразмнинг телпагидек» қилиб ем-хашак ортилган машиналар Жиззахдан Самарқанд томон тинимсиз қатнайди. Тинимсиз! Бундай машиналар Жиззахнинг битта ва Самарқанднинг иккита — жами учта ЙПХ постидан ўтади. Тушунамиз, ем-хашак керак, чорвачилик, сут-қатиқ... Лекин йўл ҳаракати қоидаларини ҳеч ким бекор қилгани йўқ-ку?! Ўша учта постда камидан 10 нафардан ЙПХ нозири ишласа керак. Улардан ташқари, трасса бўйлаб йўлларда фоторадар билан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаётган ЙПХ ходимлари ҳам бор. Уларнинг вазифаси йўллардаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлашми ёки ЙҲҚдаги қайсидир бандлар бузилишига кўз юмиб туришми? Солиқ тўловчиларнинг тўлаётган пулларидан маош шунинг учун бериляптими уларга? Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига кўз юмиши учунми?

Самарқанддан Жиззах шаҳрига хизмат сафари билан бориб келган чоғимда суратлари эълон қилинаётган бешта машина рўпарамдан чиқди. Бошқа вилоятларда аҳвол қанақалигини аниқ билмайман, лекин Самарқанд ва Жиззахда собиқ иттифоқ даврида чиққан, техник жиҳатдан созлиги шубҳали бўлган ЕНГИЛ (!) машиналарда габаритлари узун бўлган оғир қурилиш материалларини ташиш ҳам одат тусига кирган.

Анави қизил ВАЗ-21011 сингари юк ташишга мослаштирилган, устига 6 метрдан зиёд арматура ва профиллар, тахта, турли қувурлар ортиб кетаётган «Москвич», «Газ-24, «Газ-31» каби жуда эски енгил автомашиналарни Самарқанд шаҳрининг исталган кўчасида учратишингиз мумкин. Ахир бу қатнов жараёнида қатнашаётганлар учун очиқдан-очиқ таҳдидни юзага келтиради-ку?!

Масалан, Ўша ВАЗ-21011нинг тормози тўсатдан қисиб қолди ёки “рулевой шари” синиб кетди, дейлик. У ортиб кетаётган 6 метрлик швелер унинг кетидан келаётган ва тўхташга улгурмаган бошқа бир машинанинг олд ойнасини тешиб кириб, ҳайдовчиси ёки йўловчисининг бошини мажақлаб, ўлдирса нима бўлади? Ким жавобгар бўлади?! Фақатгина ҳайдовчими?

Албатта, шундай юкларни махсус юк машиналарида ташиса ҳам бўлади. Бунинг чиқими бироз катта бўлиши ҳам рост, фақат бироз чиқимдан қочиб, ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, юк ташиш мумкин, дегани эмас-ку бу?

«Бировнинг тирикчилиги, бир рўзғорнинг тебратиб туриш учун қилинаётган меҳнатни ёзибди муаллиф», деганларга эса асло тоқат қила олмайман. Тирикчилик билан бошқаларнинг ҳаётини хатарга қўйиб шуғулланмаслик керак.

Келинг, айримларга қонунчиликни эслатиб қўялик:

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1251-моддаси: «Юк ташиш қоидаларини, шатакка олиш қоидаларини бузиш»га кўра:

Юк ташиш қоидаларини, худди шунингдек, шатакка олиш қоидаларини бузиш —  энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Тегишли рухсатномасиз оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли юкларни ташиш ва юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларида йўлга чиқиш, худди шунингдек, рухсатномада кўрсатилган ҳаракат йўналишидан четга чиқиш — фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойгача маҳрум этишга, юк ташиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларга эса — энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, энг кам иш ҳақининг 10 баравари 1 млн 497 500 сўм бўлади. ЙПХ ходимлари шуни ҳайдовчиларга етказа олганида — ҳайдовчилар жарима суммаси яхшигина эканлигидан хабардор бўлиб (чунки мен ҳайдовчиларимизнинг ушбу қоидабузарликнинг 1,5 млн сўм жаримаси борлигини билишларига шубҳа қиламан), қоидабузарликни бас қилиб, йўлларимизда хавфсиз ҳаракатланиш учун ўз ҳиссаларини қўшган бўлишарди.

ИИВ ЙҲХББ томонидан ижтимоий роликлар ишлаб чиқилиб, барча телеканалларда намойиш этилиши ҳам керак. Юкларни мана шундай ҳолатда ташиш қоидага зид эканлиги, бунинг учун 10 минимал иш ҳақи миқдорида жарима белгилангани бот-бот намойиш қилиб турилса, қоидабузарлар кўчалардаги ҳаракат жараёнининг бошқа қатнашчиларига халақит бермайдиган бўлишади.

Акс ҳолда йўлларда бундай лоқайдлик ва бошбошдоқлик ортидан келиб чиққан энг беозор ҳолат мана шундай бўлади:

Шуҳрат Шокиржонов