Ўзбекистон давлат консерваториясида янги факультет ташкил этилади. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилган.  

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат консерваториясида маданият ва санъат йўналишидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, шунингдек, мактабдан ташқари таълим муассасалари учун малакали мусиқа педагогларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ихтисослаштирилган факультет ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, консерватория 1934 йилда очилган Олий мусиқа мактаби негизида 1936 йилда ташкил этилганди. Бугунги кунда Марказий Осиёда ҳудудидаги ушбу соҳа бўйича энг ёши катта олий ўқув юртидир.

Консерватория 1939 йилга қадар Олий мусиқа билим юрти биносини эгаллаган, кейинчалик балет мактаби биносига кўчиб ўтган. 1990-йилларда президент Ислом Каримовнинг топшириғига кўра, Ботир Зокиров кўчасида миллий услубдаги янги бино қурилиши бошланди. Эски бино эса Ҳамза номидаги мусиқа коллежига берилганди. Кейинчалик эса бу коллеж тугатилди.