Тошкент вилояти ҳудудида 2017 йилнинг 25-31 май кунлари оралиғида 85та жиноят  содир этилгани қайд этилди. Шундан: 5таси қасддан баданга оғир шикаст етказиш, 1таси босқинчилик, 29таси ўғирлик, 12таси гиёҳвандлик, 1таси номусга тегиш, 1таси транспорт воситасини олиб қочиш, 2таси фирибгарлик, 7таси иқтисодий ва 24таси бошқа жиноятларни ташкил қилади.

Содир этилган 85та жиноятнинг 76таси "иссиқ изидан" фош этилган ва тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, фош этилмаган 9та  (1таси транспорт воситасини олиб қочиш, 6та ўғирлик, 1та босқинчилик, 1та ўзга жиноятлар) жиноятлар бўйича айбдорларни қидириб топиш ва уларни қонун доирасида жавобгарликка тортиш борасида барча чоралар кўрилмоқда.

Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБда бўлиб ўтган матбуот брифингида маълум қилинди. Қидирувда бўлганлардан жиноятчилардан 18 нафари ушланиб, 8та жиноят фош этилди.

Шу билан бирга, 2017 йилнинг ёзги мавсумида вилоят ҳудудида жойлашган 49та болалар дам олиш оромгоҳларида 70 минг нафардан ортиқ болалар дам олишлари режалаштирилгани муносабати билан ғамхўрлик ишчи гуруҳи тузилди. Оромгоҳларнинг 37таси Бўстонлиқ туманида, 4таси Паркент туманида, 2таси Ангрен шаҳрида, 5таси Бекобод шаҳри, Оҳангарон, Пискент, Қибрай ва Ўртачирчиқ туманида жойлашган.

Ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда болаларни соғломлаштириш оромгоҳларига хавф солувчи табиий омиллар, оромгоҳларнинг ёнғинга қарши ҳолати, ҳаракат хавфсизлиги ҳолати ва оромгоҳларнинг атроф ҳудуди ўралганлигини мониторинг тариқасида ўрганиб, кўрикдан ўтказди.