Henley & Partners компанияси маълумотларига кўра, 2017 йилги виза чекловлари Индексида Ўзбекистон 83-ўринни Кот-д'Ивуар, Сенегал, Тожикистон ва Того давлатлари билан бўлишиб турибди. 

Биринчи ўринда Германия жойлашган. Унинг фуқаролари 176 давлатга визасиз бориши мумкин. Иккинчи ўринда Швеция, унинг фуқаролари 175 мамлакатга ташриф буюриш имконига эгалар. Учинчи поғонада – Дания, Финляндия, Италия, Испания ва АҚШ – 174 давлат. Тўртинчи ўринда Австрия, Бельгия, Франция, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Сингапур, Буюк Британия қайд этилди – 173. Бешликка Ирландия, Япония, Янги Зеландия якун ясаб берди – 172 давлат.

Ўзбекистоннинг қўшниларидан Қозоғистон 67-ўриндан жой олган бўлса, Қирғизистон 78-ўринни эгаллади. Туркманистон – 87-поғона, Афғонистон – 104-ўрин.

Henley & Partners  компаниясининг виза чекловлари Индекси – мамлакатларнинг халқаро рейтинги бўлиб, унда фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинлиги даражаси ҳисобга олинади. Компания дунёнинг 200 дан ортиқ давлати ва ҳудудлари виза қоидаларини таҳлил қилади. Рейтинг 10 йилдан ортиқ вақт давомида ҳаво транспорти Халқаро ассоциацияси билан ҳамкорликда тузилади.