АҚШнинг Калифорния, Вашингтон ва Нью-Йорк штатлари губернаторлари АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ иқлим бўйича Париж келишувидан чиқишини эълон қилганига қарамасдан, бу келишув мақсадларига содиқ қолишларини маълум қилишди. Бу ҳақда Hill нашри хабар бермоқда

Аввалроқ Трамп келишувдан чиқиш қарорини маълум қилди. Унинг фикрича, келишув АҚШга нисбатан "ўта адолатсиздир" ва унинг иқтисодий манфаатларига путур етказиб, Хитой ва Ҳиндистон каби бошқа давлатларни бойитади. Трамп Париж келишуви ўрнига янги битим тузишни таклиф қилди. Унинг фикрича, бу битим АҚШга нисбатан адолатлироқ бўлади.

"Президент иқлим ўзгариши хаёл эканлигини айтган, бу эса дунёнинг барча олимларига очиқчасига қарши боришдир", деб айтди келишувдан чиқишга норозилик билдираётган учта штат раҳбари номидан Калифорния губернатори Жерри Браун. Таъкидланишича, бу учта штатнинг умумий иқтисодиёти АҚШ иқтисодиётининг бешдан бир қисмини ташкил қилади.

"Ҳақиқатга қарши курашиш Америка учун ҳам, бошқа бирор ким учун ҳам яхши стратегия ҳисобланади, деб ўйламайман. Агар президент ўзбошимчалик билан бу ўта муҳим ташаббусдан воз кечишга қарор қилган бўлса, унда Калифорния ва бошқа штатлар ўзларича йўл тутадилар", деб қўшимча қилди Браун.   

Губернаторлар "АҚШнинг иқлим альянси" деб аталган штатлар коалицияси Париж келишувининг тамойилларига амал қилишдан ўзга мақсадларни кўзда тутмайди.

Вашингтон губернатори Жей Инслининг айтишича, иқлим бўйича жавобгарлик энди тўлиқ штат ва шаҳарлар зиммасига юкланади. Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо ўз навбатида Трамп маъмуриятини "улар етакчиликдан воз кечиб, бошқа давлатларга нисбатан бир қатор орқага ўтирдилар", деб айблади.