АҚШ конгрессида Мичиган штатидан Республикачилар партиясини билдирувчи Тим Уолберг агар глобал исиш ҳақиқатан ҳам жиддий муаммо бўлса, унда у ҳақда Тангри таоло ғамхўрлик қилишини айтди.

Конгрессмен бу ҳақда 26 май куни Колдуотер шаҳрида сайловчилар билан учрашувда айтиб ўтган, деб хабар бермоқда Time нашри.

"Мен иқлим ўзгараётганига ишонаман. Иқлим ўзгариши азалдан юз бериб келишига ишонаман. Бунга одам таъсир қилади, деб ўйлайманми? Ҳа, шундай деб ўйлайман. Инсон бутун коинотни ўзгартира оладими? Йўқ. Нима учун мен шундай деб ўйлайман? Насроний сифатида мен Тангри яратувчи, биздан анча қудратлироқ эканлигига ишонаман. Мен ишонаманки, агар муаммолар бўлса, Тангри улар борасида ғамхўрлик қилади", деб айтган Уолберг. 

Конгрессмен шу сўзларидан кейин одамларнинг норози ҳайқириқларини эшитиб, ҳамманинг ҳам ўз фикрига қўшилишини кутмаслигини айтди.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг иқлим бўйича Париж келишувидан чиқиши бўйича қарор қабул қилди. Трампнинг фикрича, бу келишув АҚШ иқтисодиётига зиён етказади ва иш ўринлари қисқаришига олиб келади.

Ушбу келишув 2016 йилда Киото баённомаси ўрнига келган ва 2020 йилдан бошлаб атроф-муҳитга карбонат ангидрид газини чиқаришни камайтириш бўйича чораларни кўришга чорлайди. Келишувга кўра, АҚШ 2025 йилгача атмосферага чиқарувчи иссиқхона газлари ҳажмини 26-28 фоизга камайтириши керак эди.