АҚШ президенти Дональд Трамп пайшанба куни мамлакат иқлим бўйича Париж келишувидан чиқиши ҳақида маълум қилди. У 2015 йилда имзоланган бўлиб, бу соҳада дунёдаги энг кенг кўламли битим саналади. Кўпчилик таҳлилчилар ушбу келишувни “инсониятнинг келажаги” деб аташганди.

Трамп ўз қарорига изоҳ бераркан, келишув АҚШга нисбатан “жуда адолатсиз” бўлганини, иқтисодий манфаатларга зарар келтириши мумкинлигини ҳамда Ҳиндистон ва Хитой каби бошқа давлатларни янада бойишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди. Президент Париж келишуви ўрнига янги келишувни имзолаш таклифини берди, бу, унинг сўзларига кўра, жаҳоннинг биринчи иқтисодиёти учун анча адолатлироқ бўларди.

Давлат раҳбарининг қарори кутилмаган бўлмади, гарчи келишувнинг баъзи иштирокчилари Трамп бундай радикал қадам қўйишини сира кутишмаганди. Матбуотда эса АҚШ маъмурияти шундай қарорни бир неча кун аввал қабул қилиб бўлгани ҳақида маълумотлар сизиб чиқди. 

Шу тариқа, Трамп ўзининг сайловолди ваъдаларидан энг каттасини бажарди ва аввалги президент Барак Обаманинг “мероси”га кучли зарба берди. Айнан Обама туфайли Париж келишуви имзоланганди.

"Адолатсиз келишув"

Трамп Оқ уйдаги Пушти рангли боғда чиқиш қилиши керак эди. Таклиф этилган меҳмонлар ва журналистлар уни ярим соат кутишганидан сўнг, қуёш нурларидан сақланишга жой қидириб қолишди.

Шундан кейин вице-президент Майк Пенс пайдо бўлиб, Трамп келаётгани ҳақида маълум қилди ва президент учун “Америка ҳар доим биринчи ўринда туришини” эслатиб ўтди. Шуниси қизиқки, Обама пайтида давлатнинг иккинчи шахси биринчисининг конферансьеси ролида чиқмасди. Бироқ бу сафарги ҳолат алоҳида таништирувни талаб қилди.

Бир неча дақиқадан сўнг Трамп пайдо бўлди. У икки оғиз сўз билан Филиппиндаги ҳодиса ҳақида тўхталиб ўтди, АҚШнинг сўнгги иқтисодий ва ташқи сиёсий муваффақиятлари ҳақида фикр билдирди, шундан сўнг асосий масалага ўтди.

"Биз иқлим бўйича Париж келишувидан чиқмоқдамиз, бироқ яна қайта кириш ёхуд Америка бизнеси, ишчилари, одамлари ва солиқ тўловчилари учун адолатли шартлардаги бошқа келишув ҳақида музокаралар бошлаймиз", - деди президент.

"Иқлим бўйича Париж келишуви – бу Вашингтон АҚШни ёмон аҳволга солиб қўядиган ва бошқа давлатлар учун яхши манфаатлар пайдо қиладиган келишувни сўнгги бор имзолаши эди", - дея таъкидлаб ўтди Трамп. Унинг қайд этишича, "Париж келишуви АҚШга нисбатан жуда адолатсиз".

Шу билан бирга, у “Парижни эмас, балки Питтсбург фуқаролари манфаатини ҳимоя қилиш учун сайланганини” ҳам эслатиб ўтди.

Президент ҳужжатни амалга оширишдан манфаат кўрадиган давлатлар орасидан Ҳиндистон ва Хитойни алоҳида тилга олиб ўтган.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, АҚШ келишувда иштирок этишда давом этганида 2025 йилга келиб 2,7 миллион иш ўрнини йўқотиши мумкин эди. Бундан ташқари, унинг айтишича, 2040 йилга келиб мамлакат саноатининг алоҳида соҳалари зарари 12 фоиздан 86 фоизга қадарни ташкил этарди. У бу даврдаги ЯИМ зарарини 3 триллион долларга баҳолади.

"Келишувдан чиқиш АҚШ суверенитетига келажакдаги эҳтимолий суиқасдлардан, жуда кўплаб ҳуқуқий мажбуриятлардан ҳимоя қилади", - деди Трамп.

Шунингдек, у БМТ кўмагида ташкил этилган “Яшил иқлим фонди” (Green Climate Fund)ни танқид қилиб, “у миллиардлаб долларни йиғиши ва ҳеч ким пуллар қаерга кетаётганини билмаслигини” айтиб ўтди.

"Дўстона сиёсат"

Шу билан бирга, Трампнинг ишонтиришича, АҚШ атроф-муҳитни ҳимоя қилиш дастурини амалга оширишда давом этади, бироқ, у борадаги аниқ ҳаракатларга ойдинлик киритмади.

Унинг сўзларига кўра, “атроф-муҳит, бизнинг компаниялар, фуқароларимиз ва мамлакатимизни ҳимоя қилувчи янги келишув устида иш бошлаш” вақт келган. Аммо у янги келишув қандай бўлиши, уни имзолаш бўйича ишлар ким билан ва қачон олиб борилиши ҳақида лом-лим демади. Кейинчалик Оқ уй вакиллари ҳам бунга изоҳ бера олишмади.

"Мен АҚШ атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўйича жаҳон етакчиси мақомида қолиши учун ишлайман... Трамп маъмурияти пайтидаги АҚШ дунёдаги энг тоза ва атроф-муҳитга жуда дўстона муносабатда бўлган мамлакат бўлиб қолади", - дея қўшимча қилиб ўтди у. Таъкидланишича, шу билан бирга, “тезкор иқтисодий ўсиш” ҳам таъминланади.

"Келажакни рад этиш"

Париж келишуви муаллифларидан бири – Барак Обама бу ҳодисага тезкорлик билан ўз муносабатини билдирди. 

"Ҳаттоки бу маъмурият (Трампнинг – таҳ.) келажакни рад этувчи кам сонли давлатлар ичига қўшилган бўлса ҳам, менинг ишончим комилки, мамлакатларимиз, шаҳарларимиз ва корхоналар фаоллашади ҳамда ягона сайёрани келажак авлодлар учун сақлаб қолишда жонбозлик кўрсатишади", - деган собиқ давлат раҳбари ўз баёнотида.

Обаманинг таъкидлашича, Париж келишуви “корхоналар, олимлар, муҳандислар учун юқори технологияли ва паст углеродли сармоялар ҳамда инновациялар салоҳиятини жуда катта кўламда очиб берди”.

Европа иттифоқи ҳам бу борада дарҳол баёнот билан чиқди. Хусусан, энергетика ва иқлим бўйича еврокомиссар Мигель Ариас Каньете юз берган ҳолатдан “чуқур афсусда” эканини маълум қилди.

"Европа иттифоқи бундай бир томонлама қарордан чуқур афсусда", - дея ёзди у ўз Twitter’ида.

"Париж келишуви ҳурмат қилиниши лозим. Бу келишув тирик, ҳамда биз у бўйича ишлашда давом этамиз – бу АҚШ маъмурияти унда иштирок этиши ёки этмаслигидан қатъи назар рўй беради", - дея маълум қилди Европарламент раҳбари Антонио Таяни.

Германия федерал канцлери Ангела Меркель Трампнинг чиқишидан сўнг дарҳол АҚШ президентига қўнғироқ қилган ва Вашингтоннинг иқлим бўйича Париж келишувидан чиқиш ҳақидаги қароридан афсусдан эканини билдирган.

"Канцлер Меркель телефон орқали Трампга унинг қароридан афсусда эканини билдирди. У Германия Париж келишуви тарафдори бўлиб қолишини тасдиқлади", - дея хабар берди Германия ҳукуматининг расмий вакили Штеффен Зайберт Twitter’да.

Унинг сўзларига кўра, Меркель ва Франция президенти Эммануэль Макрон, ҳар икки мамлакат “иқлим бўйича келишувнинг муваффақиятли амалга ошиши бўйича бўлажак ташаббусларни ўз гарданларига олишга” келишиб олишган.

Рейтер агентлигининг ўз манбаларига асосан хабар қилишича, Франция президенти Макрон ҳам Трамп билан телефон орқали суҳбатлашган. Хабарга кўра, Франция раҳбари унинг давлати ва АҚШ ҳамкорликда давом этиши, бироқ бу иқлим соҳасида бўлмаслигини маълум қилган.

Йирик бизнес вакилларидан баъзилари ҳам ўз фикрларини билдирган. Масалан, Tesla Motors ва SpaceX компаниялари раҳбари америкалик Илон Маскнинг хабар беришича, АҚШ маъмуриятидаги кенгашларда энди маслаҳатчи бўлиб ишламайди.

"Мен президентлик кенгашларини тарк этаман. Иқлимнинг ўзгариши – бу ҳақиқат. Париж келишувидан чиқиш – Америка ва дунё учун ёмондир", - дея ёзди Маск Twitter’да. Тадбиркор АҚШ маъмурияти қошидаги бир неча маслаҳат кенгашлари таркибига киради. Хусусан, у иқтисодиёт бўйича экспертлик кенгаши ишида иштирок этади.

Париж келишуви

Иқлим бўйича Париж келишуви – 2015 йилнинг декабрида Парижда 194 давлат томонидан имзоланган илк глобал иқлим келишувидир. У глобал исишни “ушлаб туриш” бўйича хатти-ҳаракатлар жаҳон режасини аниқлаштиради. У қазиб олинувчи ёқилғидан воз кечиш ва карбонат ангидрид газини чиқариб ташлашни чеклашни назарда тутмайди. Бироқ барча томонлар чиқариб ташланаётган моддалар ҳажмини камайтириш, технологик жиҳатдан қайта жиҳозланиш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш бўйича чоралар кўриши лозим. АҚШ айни дамда саноатда ҳавога чиқариб ташланадиган моддалар ҳажми бўйича жаҳон етакчиси саналади.