Филиппин пойтахти Манилада жойлашган Resorts World Manila меҳмонхоналар мажмуасида портлаш ва отишма овозлари эшитилди. Кейинроқ маълум бўлишича, юз берган отишма оқибатида 25 киши яраланди. Бу ҳақда Manila Times хабар бермоқда.

Маҳаллий Қизил хоч жамияти вакили Псай Чаптернинг маълум қилишича, яраланганлар шаҳар шифохоналарига жўнатилган.

Қутқарувчининг сўзларига кўра, кўплаб ярадорлар ёпиб қўйилган бино ичида қолмоқда. Айримлар меҳмонхонанинг иккинчи қаватидан сакраб, жиддий жароҳат олган.

ABS-CBN телеканалининг гувоҳларнинг сўзларига асосланиб хабар беришича, қора кийимли ва ниқобли одамлар меҳмонхона козиносининг ўйин столларини ёқиб юборишган.

Мажмуа Филиппин халқаро аэропорти рўпарасида жойлашган. 

Сўнгги маълумотларга кўра, меҳмонхона биноси олдида тез ёрдам, ўт ўчириш ва қутқарув хизмати ходимлари ишламоқда.