Хитойда жорий йилда AI-MATHS сунъий онги математикадан "гаокао" битирув имтиҳонларини топшириш бўйича ўқувчилар билан беллашади. "Синьхуа" ахборот агентлигининг маълум қилишича, имтиҳон 7 июнга белгиланган.  

Робот икки соат ичида математик топшириқларнинг бир неча вариантларини ечишга ҳаракат қилиб кўради. Робот яратувчиларининг айтишича, AI-MATHS февраль ойида ҳам имтиҳон топширган. Бироқ ўшанда машина мақтанишга арзигулик натижа қайд қила олмаган, у 93 балл йиққан, бу эса имтиҳондан ўтиш учун минимал бўсағадан бор-йўғи 3 баллга кўпроқни ташкил қилган.  

"Биз машинанинг мантиқий фикр юритишини такомиллаштириш устида ишламоқдамиз ва алгоритмик топшириқлар ечиш спектрини кенгайтирмоқдамиз", деб айтди роботни ишлаб чиқаётган "Чэнду чжуньсинъюньсюэ" компанияси ижрочи директори Линь Хуэй. Дастурчиларнинг таъкидлашича, бўлажак имтиҳонда робот топшириқларни юқорироқ натижалар билан бажаришга ҳаракат қилиб кўради. 

Ушбу лойиҳа Хитойнинг фан ва технологиялар вазирлиги кўмагида амалга оширилмоқда: вазирлик 2020 йилгача Хитойнинг энг яхши олий таълим муассасаларига ўқишга киришга етарли бўладиган натижалар билан имтиҳон топшира оладиган роботларни яратиш вазифасини қўйган.

Хитой жамоатчилиги томондан сунъий онг соҳасида ишланмалар яратишга қизиқиш май ойида Google компаниясининг DeepMind компьютер дастури го ўйини бўйича Хитой ва жаҳон чемпиони Кэ Цзени мағлуб этгандан кейин авж олган.

Компьютер го бўйича дунёнинг энг кучли ўйинчисини уч ўйиндан иборат мусобақада ютган. Кэ Цзенинг тан олишича, аввал дастур бунчалик мукаммал бўлмаган, бироқ ҳозирда AlphaGo томондан амалга оширилувчи ва қабул қилинувчи ҳаракатлар инсон тафаккури ва имкониятлари чегарасидан юқоридир.