Хитойнинг Ганьчжоу шаҳрида 26-қаватдан тушиб кетган тошбақа Toyota Camry автомобилининг пачоғини чиқариб, уни яроқсиз ҳолга келтирди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда. 

Машина эгаси автоуловининг томи пачоқлангани ва орқа ойнаси синганини кўргач, бу ҳақда полицияга хабар берган. Полициячилар машина ёнида ўлик ҳолдаги Узоқ Шарқ тошбақасини аниқлашган.  

Аниқланишича, тошбақа машина қўйилган жой ёнидаги уйда яшовчи аёлга тегишли бўлган. Аёлнинг айтишича, у тошбақани ошхонада қолдириб кетган.

Аёл бу ҳодисада унинг айби йўқлигини айтиб, машинанинг таъмирланишига кетадиган сарф-харажатларни қоплашдан бош тортган. 

"Тошбақани мен улоқтирмаганман-ку. У ўзи тушиб кетган", деб айтган аёл.

Полицияда икки томонга бу масалани юридик йўл билан ҳал қилиш таклиф қилинган.