Баъзида жуда кўп бора айтилган ўта кучли маънога эга ҳикмат ҳам қайта-қайта ишлатилавериб, ўз таъсир кучини йўқотиб қўяди. Лекин Андижон вилояти, Марҳамат тумани, “Кончилар” маҳалласида бўлиб, мен учун оддий сўзга айланиб қолган: “Паррандачилик етти хазинанинг бири” мақолининг нақадар маънога бой эканини яна бир бор англадим.  

Қишлоқ одамининг бўш вақти бўлмайди. Ишдан қайтгач, томорқасида уймаланади, мол-ҳолга қарайди, қисқаси оиласига нафи тегадиган юмуш билан шуғулланади. Чунки унинг 5-6 сотих томорқаси бор. Таёқ экса тўрт кунда кўкарадиган, уруғ тушса беш кунда барг ёзадиган еримиз меҳнат қилсак бизни боқиши тайин. Агар қишлоқ кишиси бироз ижодкор ва ҳунарманд бўлса, унда атрофдагиларга ҳам катта наф келтиради. Бугунги мақоламиз ана шу ҳақда.

“Кончилар” маҳалласида яшовчи Толибжон ота ва Ҳимоятхон она бошчилигидаги Бегматовлар хонадонини атрофда билмайдиган кишининг ўзи йўқ. Сабаби эл қатори хонадонда истиқомат қиладиган оила ҳар 21 кунда 90 мингта жўжа очиради. Толибжон ота бизни беҳашам, лекин чиройли қурилган уйлари четидаги бир хонали “товуқ фабрикаси”га бошлади. 

Кенг хонанинг икки томонида олтита инкубатория шкафи жойлашган. 

– Ҳар бир шкафда 15 мингдан тухум бор, - дейди хонадон соҳибларидан бири Ғайратжон. – Тухум инкубатория ускунасига қўйилганидан сўнг 21 кунда жўжа очилади. Жўжалар тухумни ёриб чиқишидан уч кун аввал тухумларни ташқарида турган тайёрлов шкафига оламиз.

Бирданига 90 минг жўжа очиб чиқиши ҳақида ўйлаганларимиз нотўғри бўлиб чиқди. Тухумларда ёзилган рақамларни кўриб ҳайрон бўлгандик. Рақамлар тухумларни инкубаторияга қўйилган куни белгиланган ёзувлар экан. Кунига 4-5 минг жўжа кетма-кетликда очиб чиқарилиб, харидорларнинг ўзлари олиб кетаркан. Миттигина товуқ ва ўрдак жўжаларининг очилиш жараёнига гувоҳ бўлдик.     

Бизни ҳар йигирма кунда 90 мингта уруғланган тухумни топиш масаласи қизиқтирди. 

- Зотли товуқ тухумларини Тошкент вилояти “Имкон” жамиятидан олиб келамиз, хонаки зотники эса атрофдаги қишлоқларда кўп товуқ боқадиган хонадонлардан йиғилади, - деб жавоб берди Толибжон ота. – Инкубаторияга қўйилган тухумнинг 85-90 фоизи очиб чиқади.     

Вилоятнинг Қўрғонтепа, Булоқбоши, Асака ва Шаҳрихон туманларини сифатли парранда билан таъминлаётган хонадон соҳиблари ўз эгаллаган ҳунарларининг сирини ҳам ҳеч кимдан яширмас экан. – Энг аввало, қунт керак, тухумларни инкубаторияга жойлаб, ҳароратни 37,5 даража, намликни 28,8да ушлаб турсангиз сифатли жўжа чиқаверади, - дейди ота. – Агар шу соҳага қизиқиб, ўрганишни ният қилганлар бўлса бемалол келаверсин, беминнат ўргатамиз. Бу соҳанинг ҳеч қандай сири йўқ.

Шундай бўлсада паррандачиликнинг сизу-бизга қизиқ бўлган кўп жиҳатлари мавжуд. Масалан: Товуқ ва ўрдак тухумидан 21 кунда жўжа ёриб чиқса, бедана тухуми 17 кун, ғоз тухуми 31 кун, курка(индюк) тухуми эса 28 кунда очилади. Жўжа очириш билан йилнинг фақат беш ойи – март, апрель, май, июнь ва июлда шуғулланиш мумкин. Бир дона товуқ жўжасининг улгуржи нархи 2 минг сўм, ўрдак боласиники эса 1700 сўм. Янги очиб чиққан жўжани макиён ёки хўроз эканлиги харидорни қизиқтириши табиий. Толибжон отанинг набираси Сардорбек жўжалар жинсини аниқлаш қобилиятига эга экан. Хонадон эгалари инкубатория асбобларини таъмирлашни ўзлари уддалайди. Электр энергиясидаги узилишларни олдини олиш учун “Нексия” автомашинаси двигателидан қўлбола генератор ясашибди.

Суҳбатимиз давомида туман ҳокими Хурсандбек Султонов хонадонни йўқлаб келиб қолди. Ҳоким ва туман прокурори тадбиркор оиладан кўп хабар олиб турар экан. Ота мутасаддиларга товуқ боқиш ва паррандаларга маккажўхори, буғдой ва соя донлари экиш учун жой сўраб мурожаат қилгани ва талаби ижобий ҳал бўлганини гапириб берди.

Хонадон соҳибларидан бир йилда ишлаб топиладиган даромад ҳақида сўрашга истиҳола қилдик. Уларнинг уй-жойи, яшаш шароити қандай даромад топаётганини кўрсатиб турарди.

Биз учун бутун бошли парранда корхонаси қиладиган ишни битта оила амалга ошираётгани жуда қизиқ туюлди. Йўлингиз тушса, сиз ҳам Марҳаматга бир келинг, янгиликка гувоҳ бўласиз.   

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон