Нидерландияда журналистларга Hyperloop тезюрар транспорт тизимини синаш учун қўлланадиган синов мажмуаси намойиш қилинди.

Делфт техника университети ҳудудида жойлаштирилган синов қурилмаси ўзидан узунлиги 30 метр ва диаметри 3,2 метрлик пўлат қувурни акс эттиради. У қувур ичида вакуумда вагон-капсуланинг ҳаракатини таъминловчи тизимларнинг паст тезликларда синалиши учун ишлатилади. Тизимни ишлаб чиқаётган компанияда кейинроқ узунроқ синов мажмуасини қуриш режаси бор. Бу мажмуа капсула бурилишлар ва йўлнинг айрилиш жойларидан юқори тезликда қандай ўтишини текширишга имкон беради.

Нидерландияда Hyperloop транспортини қуриш бўйича лойиҳани амалга ошираётган Hardt Global Mobility компанияси кейинги 4 йил давомида мамлакат ичидаги икки шаҳарни боғлайдиган биринчи тармоқни қурмоқчи.

Hyperloop ғояси илк бор 2013 йилда SpaceX компанияси ва унинг эгаси, тадбиркор Илон Маск томондан таклиф қилинган. Вакуум технологияларининг магнит левитация билан биргаликда қўлланиши ҳисобига йўловчилар ёки юкка эга капсуланинг қувур ичида ҳаракатланишида 1200 км/соат тезликка эриша олиши тахмин қилинмоқда.