Тошкент шаҳрида ЭОАВМА ва Тараққиёт стратегияси маркази томонидан  “Халқ билан мулоқот” ток-шоусининг янгича форматдаги сони ўтказилди. Унда Президент томонидан қабул қилинган қарорлар, ҳафта давомида долзарб бўлган масалаларга оид очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этган Кун.uz мухбирининг хабар беришича, Шайхонтоҳур тумани ҳокимияти вакили туман ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берган.

Хусусан, Белтепа ва Жарариқ кўчалари кесишган жойда барпо этилаётган кўнгилочар истироҳат боғи лойиҳани амалга ошириш учун биринчи босқичда 18 миллион доллар, иккинчи босқичда 22 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиши мўлжалланмоқда. Маълум қилинишича, истироҳат боғида умумхалқ байрамлари, оммавий томошалар, концерт дастурлари, кўргазма ва форумлар, спорт мусобақалари ўтказиш имконияти яратилади. 

Боғнинг биринчи босқичини 2018 йилда, иккинчи босқичини 2019 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Кўнгилочар боғ тўлиқ ишга тушгач, 500 га яқин киши иш билан таъминланади. Боғ ҳудуди 10 гектар бўлиб, бу ерда кўнгилочар масканлар, замонавий аттракционлар, бионик айвонлар, қишки боғ, чархпалак, мусиқали фавворалар, скейтборд ва чанғи учиш жойлари, велосипед йўлаклари, истироҳат боғи бўйлаб дор йўли, кафелар, 5 қаватли автомобиллар турар жойи қурилиши режалаштирилган. 

Шунингдек, Тошкентнинг Ислом Каримов кўчасида 3,5 минг ўринли Универсал спорт саройи, Махтумқули кўчасида Ашхобод боғи, Шайхонтоҳур туманида замонавий савдо маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Ёзувчилар уюшмаси биносини қуриш бўйича лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилди.